Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Олий таълим: хорижий ҳамкорлик ривожланмоқда


Олий таълим: хорижий ҳамкорлик ривожланмоқда

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 25-26 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида етакчи олийгоҳлардан бири саналган Наманган давлат университетида ўзгариш қилиш вақти келганлиги таъкидланиб, таълим сифатини ошириш бўйича топшириқлар берилганди.

Мазкур муҳим вазифаларни бажариш мақсадида университет раҳбарияти томонидан кўплаб хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Бу жараёнлар ўзининг кутилган натижасини бериб, ҳамкорлик доирасини янада кенгайтиришга ундамоқда. Наманган давлат университетининг Туркияга уюштирган икки кунлик ташрифи ҳам бу борада ғоят самарали бўлди. 

Даставвал Истанбул шаҳридаги Айдин университетида олиб борилган музокаралар натижасида ҳар икки олийгоҳнинг ривожланиш стратегиялари ва ўзаро ҳамкорлик асосида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар келишиб олинди. Туркиянинг тез ривожланаётган олийгоҳларидан Истанбул Айдин университети 40 гектар ҳудудда жойлашиб, 12 та факультет, иккита коллеж, учта касб-ҳунар мактаби, стационар даволаниш клиникаси ва тез тиббий ёрдам марказлари мавжуд. Университетда ҳозир 40 мингдан зиёд талабалар таҳсил олади, уларнинг 7 мингга яқини хорижликлар. Уч мингдан зиёд профессор-ўқитувчи дарс берадиган олийгоҳда илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш борасида салмоқли ютуқларга эришилган, яъни 36 та илмий-тадқиқот маркази ва 165 та лаборатория мавжуд. 

Истанбул Айдин университетига ташрифнинг илк кунида ўқув-услубий жараёнларини ташкил этиш ва рақамлаштириш, илмий-тадқиқот, устоз-шогирд тизими, таълимнинг ишлаб чиқариш билан ўзаро интеграцияси, халқаро ҳамкорлик бўйича тажрибалар ўрганилди. 

Жумладан, соғлиқни сақлаш ходимларини тайёрлашга ихтисослашган тиббиёт факультетида амалий машғулотларнинг бориши, анатомия, физиология, микробиология, молекуляр биология, фармация йўналишлари ва илғор технологияларга асосланган илмий лабораториялар фаолияти билан танишилди. 

Шунингдек, факультет қошидаги “Тез тиббий ёрдам маркази” ҳамда “VM Mediapaprk” клиникаси фаолиятини ўрганиш асносида, уларда таълим жараёнларини рақамлаштириш, назария ва амалиётнинг уйғунлиги, илмий-тадқиқот фаолиятини тижоратлаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самараси делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Ўз навбатида, университет қошида фаолият олиб бораётган техномарказ ва инкубация марказларининг ташкилий тузилмаси, янги инновацион ишланмалар ва уларнинг амалда қўлланилиши, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш масалалари атрофлича ўрганилди. 

Ташриф давомида Истанбул Айдин университети жамоасига Наманган давлат университетида таълим йўналишлари бўйича йўлга қўйилган қўшма таълим дастурлари, тиббиёт, компьютер инжиниринги, бизнес бошқаруви, халқаро ҳуқуқ каби йўналишларда бакалаврлар, магистрлар тайёрланаётгани ҳамда олий таълимдан кейинги таълим бўйича ҳам кадрлар ўқитилаётгани ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Эришилган келишувлар ва имзоланган меморандумга кўра, эндиликда эҳтиёждан келиб чиқиб тиббиёт, компьютер инжиниринги, бизнес бошқаруви, халқаро ҳуқуқ йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурлари ташкил қилинади. Истанбул Айдин университети ва Наманган давлат университети ўртасида ҳар икки университет талабалари учун бинар ўқув машғулотлари ташкил қилиниб, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинувлари тизимли йўлга қўйилади. Истанбулда наманганлик профессор-ўқитувчилар учун қисқа ва ўрта муддатли малака ошириш курслари очилади. 

Наманган давлат университетининг “Тил ўрганиш маркази”да ҳамкорликда “Турк тили маркази” ташкил этилади ва турк тилини билиш даражасини белгиловчи Айдин Томер имтиҳони ўтказилади. Наманган давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон Турғунов бошчилигидаги делегациянинг ўзаро тажриба алмашиши ҳамкорликда таълим, илм-фан соҳасида ўзаро манфаатли шерикчилик лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган Туркия сафари давомида жумҳуриятнинг биринчи рақамли олийгоҳи – Ўрта Шарқ техника университети билан ўзаро стратегик шерикчилик асосидаги аниқ режа ва механизмлар акс этган ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Университет нафақат Туркияда, балки бутун жаҳонда ҳам ўз ўрнига эга бўлиб, “QS” халқаро рейтингида 336-ўрин, “THE” халқаро рейтингида 351-400 ўринда эътироф этилган. 17 гектар майдонида қад ростлаган “Технокент” университетнинг “ташриф қоғози” ҳисобланади. Унинг таркибидаги 400 дан ортиқ ширкатда 15 мингга яқин илмий изланувчи фаолият олиб боради. Бу масканда бугунгача 5 миллиард доллар миқдорида технология экспорти амалга оширилган бўлса, биргина шу йилнинг ўтган даврида бу кўрсатгич 400 миллион долларни ташкил этган. 

Наманган давлат университети делегацияси Ўрта Шарқ университетининг ташкилий тузилмаси ва функционал вазифалари, рақамлаштириш соҳасида амалга оширилган ишлар, профессор-ўқитувчилар, маҳаллий ва хорижий талабаларга яратилган шароитлар, ахборот-ресурс маркази, факультетлар ва уларда ўқув жараёнларининг ташкил этилиши, талабалар тураржойлари, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Икки университет томонидан таълим-тарбия жараёнларини рақамлаштириш, таълим сифатини янада ошириш, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, ташкилий тузилмаларни ихчамлаштириш, моддий-техник базани янада кучайтириш, халқаро алоқалар борасида амалга оширилган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашилди. 

Наманган давлат университети делегацияси ҳамда Ўрта Шарқ техника университети президенти Мустафо Вершан Кўк, унинг ўринбосарлари ва ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларга масъул соҳа вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда юртимизда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ижобий ишлар ва уларнинг натижаси, айниқса, Наманган давлат университетига молиявий, академик ҳамда ташкилий-бошқарув йўналишларида берилган мустақиллик ва унинг имкониятлари, қўлга киритилаётган муваффақиятлар ҳақидаги маълумотлар Ўрта шарқ техника университети томонидан юқори баҳоланди. 

Учрашувда ҳар икки томон учун манфаатли бўлган ҳамда бугунги кунда кадрларга бўлган ўткир эҳтиёж, меҳнат бозори ва истеъмолчи соҳалар талабларидан келиб чиқиб, аниқ ва қатъий келишувларга эришилди. Хусусан, эндиликда ҳар икки университетда “2+2” дастури бўйича – кимёвий технология, молекуляр биология ва генетика бакалавриат таълим йўналишлари ва “1+1” дастури бўйича – кимё технологияси, микро ва нанотехнологиялар, киберхавфсизлик ва бизнес бошқаруви магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланади. Ушбу йўналиш ва мутахассисликлар доирасида икки олий таълим ташкилоти ҳамкорлигида қўшма факультет ташкил этилади. 

Мавжуд ихтисослашган илмий кенгашлар таркибига томонларнинг юқори салоҳиятли профессор-ўқитувчилари киритилади ва келгусида қўшма ихтисослашган илмий кенгашлар фаолияти йўлга қўйилади. Университетларнинг стратегик мақсадлари уйғунлиги ва ҳамкорлик истиқболларининг натижавийлиги ҳар икки делегация томонидан юқори баҳоланди ва стратегик ҳамкорликка асосланган меморандум имзоланди. 

Таъкидлаш жоизки, Наманган давлат университетининг Туркияга амалий ташрифи аниқ ва манфаатли мақсадларни ўзида мужассам этди. Халқаро ҳамкорлик нафақат университетда таълим сифатининг янада ошишига, балки мамлакатимиз илм-фан соҳаси ривожига ҳам улкан ҳисса қўшиши, шубҳасиз. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири