Мартабали меҳмон вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди. Султанбай Раев самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳамкорлик алоқалари кучайиб бораётганини, Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти биринчи саммити бу борада муҳим воқеа бўлганини қайд этди. Ушбу саммит доирасида давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистоннинг туркий маданият халқаро ташкилотига тўлақонли аъзо бўлгани мамнуният билан эълон қилингани алоҳида таъкидланди.
Ботир Зарипов Бухорода миллий маданиятимизни улуғловчи халқаро фестиваль ва тадбирлар ўтказилаётганини қайд этиб, ушбу йўналишда ташкилот шафелигида қўшма тадбирлар, лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали туркий мамлакатлар маданиятини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш бўйича бир қатор таклифларни билдирди.
ТУРКСОЙ Бош котиби бу борада ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканлигини маълум қилди.
– Бухоро – инсоният цивилизациясининг ўчоғи, аллоҳнинг меҳри тушган жой, – деди ТУРКСОЙ Бош котиби. – Сизларнинг ноёб номоддий маданий меросингиз бисёр. Масалан, Алп Эр Тўнга номи турк халқлари давлатчилиги бошланиш нуқтаси ва йўлбошчиси сифатида қатор тарихий манбаларда, адабиётларда келтирилган. Қадимги араб ва форс манбаларида эса Алп Эр Тўнганинг қабри Бухорода экани қайд этилган. Турон давлатчилиги тарихидаги ноёб шахс ҳисобланган Алп Эр Тўнга ҳақидаги ҳақиқатни тиклаш, бу борада турк дунёси олимларини Бухорода жамлаб илмий анжуман ташкил этиш бу борадаги масалаларга ойдинлик киритади. Биз Бухоронинг барча ажойиб жиҳатларини туркий халқларга намойиш этиш истагидамиз.
Учрашувдан сўнг меҳмонлар Алп Эр Тўнганинг қабри бор деб тахмин қилинаётган Бухоро шаҳридаги Хожа имом Абу Ҳафс Кабир қабристонида бўлди.
Тарихчи олим Азалшоҳ Ҳамроевнинг маълумот беришича, тахминан милоддан аввалги 630 йилда Турон ва Эрон ўртасида қарама-қаршиликлар авж олган. Сиёвушнинг ўғли Кайхусрав Туронга бостириб кирган ва Афросиёб билан жанг қилган. Жангларда Афросиёбнинг қўли баланд келгандан кейин Кайхусрав ҳийла ишлатиб, зиёфат пайтида Афросиёбни заҳарлаб ўлдиртирган.
“Наршахий ўз асарида бу воқеаларни қуйидагича тасвирлайди. Сиёвушнинг Кайхусрав номли ўғли бўлиб, у отасининг қонини талаб қилиб, кўп лашкар билан бу вилоятга келганида Афросиёб шу Ромтин (ҳозирги Ромитан) қишлоғини ҳисор қилиб турган… Кайхусрав 2 йилдан кейин Афросиёбни тутиб ўлдирди. Афросиёбнинг гўри Бухородаги Маъбад дарвозасида, раҳматли Хожа имом Абу Ҳафс Кабир тепалигига туташган катта тепалик устидадир".
Тарихчи олимнинг маълумотига кўра, бу тепалик ҳозирги Бухоро шаҳридаги Ҳазрати Имом қабристони ўрнига тўғри келади. Агар қабр топилса, туркий халқлар давлатчилигига 4 минг йилдан зиёд бўлгани исботланади.
Ботир Зарипов турк дунёси олимлари ва илмий жамоатчилигини жамлаган ҳолда Алп Эр Тўнганинг қабри билан боғлиқ тахминларга янада ойдинлик киритиш зарурлигини таъкидлади ва бу борада зарур чора- тадбирлар кўрилишини билдирди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири