Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркияда Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти тақдим этилди


Туркияда Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти тақдим этилди

 

АНҚАРА, 25 август. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Янги Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, сармоявий ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Туркиянинг 25 дан ортиқ етакчи компанияси вакиллари иштирок этган мазкур тадбир доирасида «G2B» форматдаги музокаралар ҳам  бўлиб ўтди. Унда кимё, озиқ-овқат, тўқимачилик, мебелсозлик, машинасозлик саноати, шунингдек, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, таълим, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги аниқ лойиҳалар атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти томонидан 20 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот Туркия ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида катта қизиқиш уйғотди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг Бурсадаги фахрий консули, «Baktat Gida»  компанияси бошқаруви раиси Али Баклан давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар ва сармоядорлар билан очиқ суҳбатини катта иштиёқ билан кузатганини маълум қилди. Унинг эътироф этишича, Президент Шавкат Мирзиёев республикада тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ энг долзарб масалаларга тўхталди. Молия, солиққа тортиш, ер муносабатларини тартибга солиш ва иқтисодиётнинг айрим тармоқларида монополияларга барҳам беришни такомиллаштириш бўйича муҳим ислоҳотлар эълон қилинди.

«Ўзбекистон Президенти мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга ўзининг шахсий садоқатини кўрсатди, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш учун вазирликлар, идоралар ва вилоят хокимликларига мақсадли ва конструктив топшириылар берилди. Бу тадбир биз инвесторларни Янги Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга оширишга руҳлантирмоқда», - деди Али Баклан.

Анқара шаҳридаги «OSTİM» саноат зонасининг қурилиш ускуналари ишлаб чиқариш бўйича кластери раҳбари Холида Расим Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни диққат билан кузатиб бораётганини билдирди.

«Ўзбекистонда давлат раҳбари томонидан тадбиркорлик қўллаб-қувватланаётгани катта эътиборга моликдир, - деди у. - Очиқ мулоқот чоғида Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар учун деярли барча долзарб мавзуларга эътибор қаратди. Хусусан, молиялаштириш ва кредитлаш, солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини минималлаштириш, ер ва хусусий мулк ажратиш масалалари, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун янги имкониятлар, кичик бизнесни экспорт фаолиятига жалб қилиш, транспорт, логистика ва бошқа йўналишлар қамраб олинди.

Бизнинг «OSTİM» саноат зонамиз машинасозлик, металлни қайта ишлаш, электр саноати, электроника, қурилиш ускуналари, ишлаб чиқариш машиналари,  автомобиль саноати, пластмасса ва резина маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тиббий асбоб-ускуналар ва бошқа соҳаларда фаолият юритадиган 5 мингдан ортиқ компанияни ўз атрофида бирлаштирган. Бугун мамлакатингиз элчихонасида бўлиб ўтган тақдимот, учрашув ва суҳбатлар якунлари бўйича юқорида қайд этилган тармоқларда қўшма корхоналар ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилиш учун тадбиркор ва саноатчиларимиздан иборат гуруҳни Ўзбекистонга юбориш бўйича келишувга эришдик».

Тақдимот чоғида «Sayin А.S.» компанияси ҳам Хоразм вилоятида темир-бетон ромлар ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйиш юзасидан қизиқиш билдирди.