Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркиянинг Битлис вилоятида Янги Ўзбекистон тақдим этилди


Туркиянинг Битлис вилоятида Янги Ўзбекистон тақдим этилди

 

АНҚАРА, 26 август. /«Дунё» АА/. Энг улуғ ва энг азиз байрам – Ўзбекистон истиқлолининг 30 йиллик байрами арафасида мамлакатимиз элчихонаси вакиллари Туркиянинг шарқий ҳудудларида бўлиб, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар тақдимотини ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» ААнинг мухбири.

Туркий қавмларга Онадўли эшикларини очиб берган 1071 йилдаги Малазгирт воқеаларининг 950 йиллиги арафасида Туркия “Ўқчилик” спорти жамғармаси Ван ва Битлис вилоятлари билан ҳамкорликда хотира тадбирларини ташкил этди. Муҳораба бўлиб ўтган майдонда иншо этилган “Миллат боғи”даги сайлларда туркий дунёнинг, шу жумладан, Ўзбекистоннинг тақдимот бурчаги ташкил этилди. Тадбирларда мамлакатимизнинг миллий-маданий, ҳунармандчилик ва туризм салоҳияти намойиш этилар экан, Бухоро, Самарқанд, Хива каби тарихий шаҳарларимиз ҳақида маълумот берилди.

ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти бош котиби ўринбосари, Анқара университети доценти Билол Чакижи сўнгги беш йилда мамлакатимизда амалга оширилган янгиланишлар “Янги Ўзбекистон” иборасида ўз ифодасини топаётгани, бу жараёнда туркий дунё мамлакатлари билан  муносабатларда ҳам сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги давр бошлангани, ҳудудлараро маданий алоқалар тобора изчил тараққий этаётганини таъкидлади.

“Бугунги хотира тадбирлари тарихий нуқтаи назардан ҳам бевосита Ўзбекистонга алоқадор жиҳатларга эга. Малазгиртда зафар қозонган Султон Алпарслон Хоразмда таваллуд топган. Ўзбекистон ана шундай жасур ва баҳодир саркардаларни етиштириб берган юрт. Бинобарин, бундай ўлкага фақат ва фақат мустақиллик ярашади. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон истиқлолининг 30 йиллик тўйи муносабати билан барча ўзбек халқини самимий табриклайман”, - деди у.

Тадбир доирасида ўзбек миллий таомлари тақдимоти ҳам ўтказилди. Мамлакатимизнинг гастрономик туризм имкониятлари маҳаллий зиёратчиларда катта таассурот қолдирди.