Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркиянинг “Bursa Global” интернет нашрида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси билан суҳбат эълон қилинди


Туркиянинг “Bursa Global” интернет нашрида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси билан суҳбат эълон қилинди

 

АНҚАРА, 30 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги ҳамда Бурсада Ўзбекистон фахрий консулхонасининг очилиши муносабати билан “Global Bursa” газетасига интервью берди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ўзбекистон дипломатия ваколатхонаси раҳбари истиқболга доимо ишонч билан яшаб келган, ҳар қандай синовли дамларда сабр ва матонатни ўзига шиор деб билган ўзбек халқи бундан 30 йил аввал, 1991 йил 31 август куни мустақилликка эришганини қайд этди”, - деб ёзади нашр.

Нашр элчининг “Туркия Ўзбекистон истиқлолини тан олган биринчи давлат бўлгани ҳолда яқин қардошликнинг тарихий миссиясини муносиб адо этган эди. Бугун Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида турк халқига самимий ҳурмат-эҳтиромимни изҳор этишни истар эдим”, деган сўзларини келтирган.

Суҳбатда ўзбек халқи давлатчилиги тарихи асрларга дахлдор эканлиги алоҳида қайд этилган. Нашр Ўзбекистон элчиси айтган қуйидаги фикрларни ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилган: “Тарихда Мовароуннаҳр ва Туркистон номлари билан аталган бугунги Ўзбекистон ҳудудларида IX-XII асрларда кузатилган “Биринчи уйғониш” даври Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Беруний, Ибн Сино каби алломаларни армуғон қилган бўлса, XIV-XV асрлардаги “Иккинчи уйғониш” даврида Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур каби забардаст мутафаккирлар етишиб чиққан. Бугунги халқимиз ўша – биринчи ва иккинчи уйғонишни адо этганларнинг авлодларидир. Томирларимизда оқаётган қон ўша аждодлар қонидир. Шундай экан, тарихдан куч олган ҳолда, “Учинчи уйғониш” ғоясини ҳам албатта амалга оширамиз”.

Мазкур интервьюда Янги Ўзбекистонда ўзгаришлар ва кенг қамровли ислоҳотлар изчил давом этаётгани хусусида ҳам атрофлича фикр юритилган.

Жумладан, қарийб 35 миллион аҳоли, бой табиий бойликлар, саноат салоҳияти ва маҳсулдор қишлоқ хўжалигига эга бўлган Ўзбекистон  минтақанинг жозибадор маркази бўлиш йўлида илғор қадамларни ташлаётгани қайд этилган. Сўнгги беш йилда мамлакатимизда давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилгани, жамиятнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий обрў-эътибори тубдан ўзгаргани алоҳида таъкидланган.

Юқоридагилар билан бирга, интервьюда мамлакатимизнинг Бурсадаги фахрий консулхонаси очилишига бағишланган маросимда Бурса вилояти ҳокими Ёқуб Жонбўлат, Бурса шаҳри ҳокими Алинур Акташ, Туркия Буюк Миллат Мажлисининг Ўзбекистон-Туркия дўстлик гуруҳи раиси Усмон Местен, Бурса ишбилармон доиралари ва фахрий консуллари иштирок этгани маълум қилинган.

Нашр Туркиянинг Анталия ва Адана каби вилоятларида ҳам Ўзбекистон фахрий консулхоналари фаолият юритаётганини ўз ўқувчиларининг эътиборига ҳавола қилган.