АНҚАРА, 6 март. /«Дунё» АА/. 3-5 март кунлари Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шериклик агентлиги делегацияси Туркияда бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташриф давомида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Хусусан, Ўзбекистон делегацияси ва Туркия Савдо вазирлиги ҳузуридаги Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши, халқаро молия институтлари ҳамда қурилиш соҳасидаги 40 га яқин йирик турк компаниялари вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Туркиялик ҳамкорлар эътиборига Ўзбекистонда амалга оширилаётган энергетика, транспорт инфратузилмаси, таълим ва тиббиёт муассасаларини барпо этиш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тақдим қилинди.
Ушбу соҳада илғор тажрибага эга турк компаниялари аниқ инвестициявий таклифлар тақдим этишини ҳамда қўшимча музокаралар учун Тошкентга боришга тайёрлигини билдирди.
Туркия ва Ўзбекистон ўртасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тажриба алмашиш мақсадида «йўл харитаси» ишлаб чиқиш, шунингдек, икки мамлакатда амалга оширилаётган лойиҳаларни таҳлил қилиш, уларни техник, иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ўрганишга келишиб олинди.
Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси маълумотига кўра, 1986-2019 йиллар давомида Туркияда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида умумий қиймати 187 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилган. Ушбу лойиҳалар, асосан, транспорт, тиббиёт, кончилик, энергетика ва туризм соҳаларини қамраб олган.