Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Нуфузли турк газетасининг Ўзбекистон-Туркия иқтисодий муносабатларига бағишланган махсус сони чоп этилди


Нуфузли турк газетасининг Ўзбекистон-Туркия иқтисодий муносабатларига бағишланган махсус сони чоп этилди

АНҚАРА, 17 март. /«Дунё» АА/. Туркиянинг нуфузли «Dünya» газетасининг ўзбек-турк муносабатларига бағишланган «Ўзбекистон: Стратегик шериклигимиз турфа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда» сарлавҳали махсус илова сони чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

28 саҳифадан иборат бўлган махсус сон Ўзбекистон ва  Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, инвестиция, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, ташқи савдони ривожлантириш  бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган.

Мазкур махсус сонда Туркия савдо вазири Меҳмет Мушнинг «Ўзбекистон – турк инвесторлар учун жозибадор ва салмоқли имкониятлар диёри», Ўзбекистон элчиси Алишер Аъзамхўжаевнинг «Янги Ўзбекистонни иншо этишда турк биродарларимиз биз билан елкама елка иштирок этмоқдалар», Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар қаламига мансуб «Ўзбек халқи Марказий Осиёдаги янгиланиш жараёнида муҳим рол ўйнамоқда», Туркия Савдо вазирлиги ҳузуридаги Ташқи иқтисодий алоқалар кенгашининг Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлик гуруҳи раиси Ўзгер Ўнур Ўзгувен қаламига мансуб «Ўзбекистон-Туркия савдо ҳажмидаги марра - 5 миллиард доллар» сарлавҳали мақолалари  босилиб чиқди.

«Мамлакатларимиз ўртасида тарихий ва маданий алоқаларнинг мавжудлиги муносабатларимиз тараққиёти учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда. 30 йилдан буён изчил ривожланиб бораётган Ўзбекистон-Туркия муносабатлари бунга ёрқин мисолдир. Мустаҳкам дипломатик ва маданий алоқалар негизида икки давлат ўртасида сармоя ва савдо алоқалари ҳам ривожланди. Ўзбекистоннинг муҳим савдо шериклари қаторида Туркия ҳам бор. Сўнгги маълумотларга кўра, 3,6 миллиард доллардан ошган икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш муҳим мақсад сифатида белгиланган. Ўзбекистонда Туркия сармояси иштирокидаги 2 мингга яқин компания фаолият юритмоқда», деб ёзади махсус соннинг кириш сўзида ушбу  газетанинг Анқарадаги ваколатхонаси раҳбари Маъруф Бузугил.

Туркия савдо вазири Меҳмет Муш муаллифлигидаги  “Ўзбекистон – турк инвесторлар учун жозибадор ва салмоқли имкониятлар диёри” номли мақола Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги  иқтисодий муносабатлар батафсил таҳлил этилган.

«Турк сармоядорлари учун имкониятлар мамлакати бўлган Ўзбекистон – биз Марказий Осиёдаги энг кўп инвестиция киритган давлатлардан биридир. Туркия компанияларининг Ўзбекистонга киритган сармояси 1,5 миллиард доллар даражасида. Бугунги кунда 1912 нафар туркиялик тадбиркор Ўзбекистонда ташкил этган компаниялари билан мамлакат иқтисодиёти тақдим этаётган имкониятлардан самарали фойдаланмоқда», деб ёзади муаллиф.

Мақолада Ўзбекистонда турк инвесторлари тўқимачилик,  молия, машинасозлик, энергетика каби соҳаларда кенг кўламда мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши ва аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётгани  қайд этилган.

Нашр маълумотларига кўра, икки давлат ўртасида давом этаётган Имтиёзли савдо битими музокараларини имкон қадар тезроқ якунлаш мақсад қилинган.  

Муаллифнинг қайд этишича, Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама даражада чекланиб қолмаган. «Минтақавий ва кўп томонлама платформаларда ҳам мустаҳкам ўзаро ҳамкорлик мавжуд. Шу нуқтаи назардан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бир қисми сифатида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига устувор аҳамият қаратилаётгани мамлакат иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиёти билан интеграцияси учун алоҳида ўрин тутмоқда. Бу борада Туркия ҳозирги пайтда кузатувчи мақомида бўлган Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиши жараёнини ҳар томонлама  қўллаб-қувватлайди», деб таъкидлайди Туркия савдо вазири.