ИСТАНБУЛ, 30 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан “АRТ TV” компанияси билан ҳамкорликда Зейтурнбурун туманидаги Топ-капи Турк дунёси маҳалласида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган “Турк дунёси баҳор фестивали” ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Туркий тилли давлатларнинг Истанбулдаги дипломатлари, Яхши партия депутати Явуз Ағиралиўғлу, ушбу партия раисининг ўринбосари Буғра Кавунжу, Истанбул ҳокимининг маслаҳатчиси Мурат Аккуш, Туркий давлатлар ташкилоти ходимлари, профессор-ўқитувчилар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва 1,2 минг нафардан ортиқ ўзбек ватандошлари иштирок этдилар.
Адҳам Солиев, Аҳрор Қўшматов ва бошқа ўзбекистонлик санъат аҳли вакиллари, Туркия томонидан ТРТ сухандони Белма Шаҳинер, машҳур актёр Аҳмет Йенилмез, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон маданий доиралари намояндаларининг чиқишлари тадбирга алоҳида шукуҳ бағишлади.
Байрам анжмуани қатнашчилари ўзбек палови, сумалак, кўк сомса, чак-чак, чучвара, ҳолва каби ўзбек миллий таомларидан татиш имкониятига ҳам эга бўлдилар.
Бундан ташқари, Бош консулхона Бурса вилоятининг Османгази тумани ҳокимлиги билан ўзаро ҳамкорликда “Панорама – Бурса Фотиҳ Музейи” биносида ҳам Наврўз байрами тадбирини уюштирди. Унда Османгази тумани ҳокими ҳамда ўринбосари М.Дундар ва Ж.Хасаноглу, Бурса вилояти Адолат ва тараққиёт партияси аъзоси М.Айдин, Туркия парламенти депутати Осман Местен, “Туркистонликлар маданий ва ижтимоий ҳамкорлик жамияти”, “Турк жамиятлари Евроосиё ассоциацияси”, илмий-академик доиралар, талабалар, диаспора вакиллари ва бошқа меҳмонлар иштирок этишди.
Мазкур байрам шодиёналари Туркиянинг TRT-Avaz, “Günboyu”, Demiroren, Anadolu, İhlas сингари ва бошқа қатор оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилди.