АНҚАРА, 8 апрель. /«Дунё» АА/. Туркиянинг «TRT Avaz» телеканалининг ахборот дастурида Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси ҳақидаги телелавҳа намойиш этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Уч дақиқадан кўпроқ давом этган ушбу лавҳада Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган. Унда қайд этилганидек, божхона ишида божхона экспертизаси ғоят муҳим аҳамият касб этади. «Божхона экспертизаси кўмагида товар кодини аниқлаш товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштирув жараёнларини янада енгиллаштиради, энг муҳими, давлат бюджетига божхона тўловларининг тўлиқ ундирилишига хизмат қилади», - дейди турк телеканали мухбири.
Дастурда бундан салкам 30 йил муқаддам ташкил қилинган Марказий божхона лабораторияси Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига биноан божхона тизимида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлгани алоҳида қайд этилди.
«Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микуриянинг 2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи доирасида Марказий божхона лабораториясига «Минтақавий божхона лабораторияси» мақоми берилди, дейди журналист. - Тан олиш керакки, ўзбек томони мазкур нуфузли мақомни қўлга киритиш учун ниҳоятда машаққатли йўлни босиб ўтди, сўнгги йилларда лабораторияни жаҳон стандартлари даражасига етказиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Лаборатория «Халқаро ISO сертификати»ни қўлга киритди».
Қайд этилганидек, эндиликда бу ерда мураккаб экспертизаларни ўтказиш ва ҳар томонлама асосланган ҳаққоний хулосалар берилишини таъминлаш мақсадида лаборатория АҚШ, Англия, Япония, Германия каби давлатларда ишлаб чиқарилган, халқаро стандартларга мос 20 дан ортиқ энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди.