Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Ўзбекистон - Туркия муносабатлари ҳамда кенг қамровли стратегик шериклик мавзусига бағишланган мақола эълон қилинди


Ўзбекистон - Туркия муносабатлари ҳамда кенг қамровли стратегик шериклик мавзусига бағишланган мақола эълон қилинди

АНҚАРА, 29 апрель. /«Дунё» АА/. Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида содир бўлаётган воқеалар билан ўз мамлакати жамоатчилигини таништиришда давом этаётир, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Кунлик адади 190 минг нусхани ташкил этадиган нуфузли “Сабаҳ” газетасида чоп этилган навбатдаги салмоқли мақола Ўзбекистон – Туркия муносабатлари, икки қардош давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик алоқалари ҳамда ўзаро ҳамкорлик натижалари ва келгусидаги  истиқболлар мавзусини қамраб олган.

Мақола муаллифи - Анқара шаҳридаги Ташқи сиёсат институти раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Ҳусайн Бағжи ўзбек-турк муносабатларидаги янги қирралар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастуридан жой олган “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” каби ғояларни оддий ва тушунарли тарзда турк ўқувчиларининг эътиборига ҳавола қилган.

“Президент Эрдоғаннинг 29-30 март кунлари амалга оширилган расмий ташрифи натижасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Бу борада Президент Режеп Таййип Эрдоған ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги “сиёсий тафаккур уйғунлиги” жуда муҳим психологик омил бўлиб хизмат қилмоқда”, деб ёзади муаллиф.

“Қардошлик ҳуқуқига асосланган стратегик шериклик” деган таъриф сўнгги йилларда жадал суръатларда равнақ топиб, мустаҳкамланган ва ўзаро ишончга асосланган муносабатларни назарда тутади. Бинобарин, Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий, маданий ва ҳарбий соҳалардаги янгиланишини ва ислоҳотларини акс эттирувчи “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” каби улуғвор ғоялар нафақат Туркия, балки Марказий Осиёдаги туркий республикалар томонидан ҳам катта қизиқиш билан кузатиб борилмоқда”, дея Президент Эрдоғаннинг Туркия ва Ўзбекистон муносабатларга бағишланган нутқидан иқтибос келтиради “Сабаҳ” газетаси.

Шунингдек, мақолада Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни юмшатишга қаратилган ва бутун дунё таҳсинига сазовор бўлган гуманитар ташаббуслари, халқаро ёрдам ташкилотлари, хусусан, БМТнинг ишини енгиллаштириш имконига эга йирик логистика марказига айланган Термиз шаҳрининг аҳамияти Туркия томонидан теран англаниб, қўллаб-қувватланаётганига алоҳида урғу берилган. Афғонистон бутун минтақа учун “умумий масала” бўлиб, Ўзбекистон ва Туркия Афғонистон бўйича сиёсатларини биргаликда ишлаб чиқишлари барча учун фойдали бўлиши қайд этилган.

Мақолада Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “ТДТнинг халқаро нуфузи ошиб, бутун дунёда катта қизиқиш билан кузатиб борилаётган бир пайтда Туркия ва Ўзбекистон ушбу тузилма доирасидаги икки “ҳаракатлантирувчи куч” бўлган давлатлар вазифасини ўтайди. 2022 йил 29-30 март кунлари бўлиб ўтган Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи саммитида Президентлар икки томонлама муносабатларни янги босқичга – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтаришга қарор қилдилар. Учрашувда энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, маданият, ёшлар сиёсати, экология ва бошқа кўплаб соҳалар қатори икки давлат ўртасидаги ҳадли ҳарбий ҳамкорлик йўналишини ҳам ўз ичига олган шартномалар имзолангани муносабатларимизнинг олий даражасини кўрсатиб турибди. Бу келишувларнинг барчаси икки давлат ҳамкорлигининг янги механизмини мустаҳкамлаши баробарида минтақадаги бошқа мамлакатларга ўрнак бўлиши билан ҳам аҳамиятлидир”, деб ёзади нашр.

“Президент Эрдоғаннинг Ўзбекистонга ташрифи муваффақиятли кечганини таъкидлаш баробарида, Ўзбекистоннинг янги даврда олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва унинг ривожланишига ҳисса қўшиш Туркиянинг тарихий ва маънавий масъулияти эканини қайд этиш зарур. Халқаро майдонда ва Турк дунёсида “катта геосиёсий ва геоиқтисодий силжишлар” кузатилаётган бу кунларда биргаликда ҳаракат қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлиб қолди ва икки давлат раҳбарлари мазкур ҳақиқатни теран англаган ҳолда ҳамкорликни янги босқичга кўтариш йўлида ҳаракат қилишмоқда”, дея хулоса қилади мақола муаллифи.