Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди делегацияси Туркияда бўлди


Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди делегацияси Туркияда бўлди

АНҚАРА, 7 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов бошчилигидаги делегация яқинда Туркияда бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Мазкур хизмат сафари Туркия Республикаси Конституциявий суди раиси Зухту Арсланнинг таклифига биноан уюштирилди.

Ўзбекистон делегацияси Туркиянинг Анқара ва Истанбул шаҳарларида Туркия Конституциявий судининг 60 йиллиги муносабати билан ташкил этилган Конституциявий одил судлов Форумида иштирок этди.

Асосий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилишда Конституцияни талқин қилиш ва Туркий давлатлар конституциявий юрисдикциялари конференцияси  деб номланган ушбу тадбирда бутун дунёдан инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий судлар раислари ва судьялари, халқаро институтлар вакиллари, Европа, Осиё ва Африка минтақаларининг 26 мамлакатидан конституциявий назорат орган вакиллари, конституциявий судлар ва кенгашлар президентлари ҳамда судялар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов сўзга чиқиб тадбир иштирокчиларини ҳамда Туркия Конституциявий судининг Президентини Конституциявий судининг 60 йиллиги муносабати билан қутлар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланиб ва ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Конференция доирасида Туркия Республикаси Конституциявий суди ташкил этилганининг 60 йиллиги муносабати билан Конституциявийлик тарихи галлереясининг расмий очилишига бағишланган маросим ҳам бўлиб ўтди. Унда Туркия Республикасининг Президенти Ражаб Таййиб Эрдоған иштирок этди.

Тадбир жараёнида ҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстона ҳамкорлик масалалари юзасидан белгилаб берилган вазифалар Ўзбекистон ва Туркия Конституциявий судлари ҳамкорлигини янада ривожлантириш ҳамда уни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида икки мамлакат Конституциявий судлари раислари ўртасида Ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шу билан бирга, Истанбул шаҳрининг Дўлмабоғча саройида Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжон Конституциявий суди раислари ва судьялари биргаликда “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг конституциявий юрисдикциялари конференцияси”ни таъсис этиш бўйича Истанбул декларациясини имзолашди.

Мазкур мустақил форумни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад конституциявий суд ишларини юритиш, Турк дунёси мамлакатларида қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини илгари суриш бўйича янада самарали фикр ва тажриба алмашишдан иборат эканлиги таъкидланди.