Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркия Республикаси билан узумчилик бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади


Туркия Республикаси билан узумчилик бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади

– Ўзбекистон делегацияси Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги Измир вилояти мудирлигида музокаралар ўтказди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Қудратжон Юсупов, мутахассис Анвар Мирзаалиев, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Шерзод Ражабов, Геномика ва биоинформатика маркази лаборатория мудири Хуршида Убайдуллаева ва бошқа масъуллардан иборат делегацияни мудирлик бошлиғи Мустафа Ўзел қабул қилди.

Таъкидлаш жоизки, Измир вилояти Туркиянинг тўртинчи энг йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси бўлиб, 2,8 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги экспорт кўрсаткичи билан мамлакатда 2-ўринни эгаллайди. Мазкур ҳудудда 20 га яқин узум турлари етиштирилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, учрашувда томонлар ўртасида узумчилик ва виночилик соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари, жумладан, Туркиянинг соҳадаги технологияларини трансфер қилиш, ҳамкорликда “In-vitro” усулида ноёб, совуқ ва шўрга чидамли навларни кўпайтириш ҳамда малакали мутахассисларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мудирлик томонидан Ўзбекистон билан ҳамкорлик кенгайтирилишига катта қизиқиш билдирилди.  

Шунингдек, Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг Измир вилояти мудирлиги бошлиғи Мустафа Ўзел узумчилик ва узумни қайта ишлаш бўйича Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги катта салоҳиятга эга эканини қайд этди ва мазкур ҳамкорлик икки қардош мамлакатларнинг ривожига хизмат қилади, дея таъкидлади.  

Учрашув сўнгида томонлар ўзаро алоқаларни янада кенгайтиришга, хусусан, юқорида келтирилган йўналишлар доирасида лойиҳаларни йўлга қўйиш мақсадида Туркиянинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва техникаларини ишлаб чиқарувчилари, илмий-тадқиқот ва лаборатория муассасалари билан музокаралар ташкил этилишига келишди.