Туркияда кураш бўйича нуфузли турнир ўтказилади
Муҳокамалар жараёнида халқаро турнирга тайёргарликнинг бориши, иштирокчи спорт жамоаларининг талабномалари, спортчиларнинг рўйхати, мусобақа дастури, унинг мукофот жамғармаси, халқаро турнир доирасида ўтказиладиган маданий тадбирлар дастурлари каби қатор масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек, мусобақани ўтказиш ташкилий қўмитаси аъзолари халқаро турнир ўтадиган жой, иштирокчилар жойлашадиган Истанбулдаги меҳмонхоналар билан танишди.
Халқаро турнир ташкилий қўмитаси ахборотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтадиган мазкур халқаро турнирнинг мукофот жамғармаси 10 минг евро этиб белгиланган. Халқаро кураш ассоциацияси, Европа кураш конфедерацияси, Ўзбекистон ва Туркия кураш федерациялари ҳамкорлигида ўтказиладиган турнирда қатнашиш учун 30 га яқин давлат кураш жамоалари илк талабномаларни тақдим этган.
– Кураш бўйича халқаро мусобақаларни Европа давлатларида тизимли ўтказиш, унинг оммавийлигини таъминлаш мамлакатимиз спорт тараққиётининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Кураш халқимиз томонидан дунё спорт жамоатчилигига тақдим этилган жозибадор спорт тури. У умумжаҳон мулкининг ажралмас қисми. Юксак инсонпарварлик тамойилларига йўғрилган миллий спорт туримизни халқаро майдондаги оммавийлигини таъминлашда Истанбулда ўтадиган мусобақанинг алоҳида ўрни бўлади.
Зотан, Туркиянинг бу шаҳри Европа ва Осиёни боғлайдиган нуқтада жойлашган. Бир пайтлар Туркия ва унга туташ мамлакатларда кураш бўйича бир қатор турнирлар ташкил этиларди. Аммо, ўтган даврда айрим сабабларга кўра, улар тўхтаб қолди. Бу галги мусобақалар Туркияга, қолаверса Европа бўйлаб яна кураш беллашувларини қайтишига мустаҳкам замин ҳозирлашга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қошидаги кураш бўлими раҳбари Камол Усмонов.
Йиғилишда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда хорижий мамлакатларда халқаро турнирлар ташкил этиш, курашни ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун зарур шарт-шароит яратишда Истанбул турнири муҳим аҳамият касб этади.
Эслатиб ўтамиз, кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтадиган ушбу турнир Истанбулдаги “Turkish Word Cultural Quarter” маданият марказида ташкил этилади.
Т.Рўзиев, ЎзА