Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Туркия репатриация марказларида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ҳолидан хабар олинди


Туркия репатриация марказларида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ҳолидан хабар олинди

ИСТАНБУЛ, 14 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари Туркия ҳудудида содир этилган турли ҳуқуқбузарликларда гумон қилиниб ушланган республикамиз фуқаролари ҳақида маълумот олиш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилишини ўрганиш, консулхона ваколати доирасида уларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда сақлаб туриш муассасалари фаолияти билан танишиш мақсадида Истанбул шаҳар ҳокимлиги Миграция идоралари дирекцияси Силиври репатриация марказида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Репатриация маркази Истанбул шаҳри ҳудудида жойлашган учта муассасадан бири бўлиб, маъмурий тартибда ушланган аёллар ва уларнинг қарамоғидаги вояга етмаган фарзандларини сақлашга мўлжалланган.

Туркия томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, ҳозирги кунда мазкур муассасада 60 нафардан зиёд ўзбекистонлик аёллар ушлаб турилибди.

Муассасанинг мажлислар залида юртдошларимиз иштирокида учрашув ўтказилиб, сақлаб туриш жойидаги яшаш шароитлари, фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқларига риоя этилиши билан боғлиқ вазият ҳамда мавжуд муаммолар бўйича фикр-мулоҳазалар тингланди. Фуқаролик паспортини йўқотган 6 нафар шахсга тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шунингдек, 55 нафар фуқаро билан алоҳида учрашувлар ўтказилди.

Ушбу фуқароларимизнинг аксарияти Туркияда бўлиш қоидаларини бузганликлари учун маъмурий тартибда ушланган.

Суҳбатлар чоғида кўтарилган масала ва таклифлардан келиб чиқиб, муассаса раҳбариятидан зарур ҳолларда фуқароларимизга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш, уларнинг мурожаатларини қисқа муддатларда холисона кўриб чиқилишида амалий кўмак сўралди.

Марказда сақланаётган Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида Бош консулхона томонидан бу каби ташрифларни мунтазам равишда ўтказиб бориш режалаштирилган.