Туркия болалар кийими сектори Ўзбекистон билан иқтисодий алоқани мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда, дея маълум қилди “Anadolu” ахборот агентлиги.
Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон - Туркия бизнес-форумида сўзга чиққан Бурса савдо-саноат палатаси (BTSO) бошқаруви раиси ўринбосари Исмоил Куш мазкур анжуман жуда қисқа вақт ичида ташкил этилганини айтди. Бурса вилояти болалар кийими сектори вакиллари болалар кийим-кечак саноати учун хорижий маркетинг дастури доирасида мингдан ортиқ экспортчи компаниялар билан учрашув ўтказди.
Бурсадан келган 40 дан зиёд тадбиркорлик субъекти вакиллари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини белгиланган 10 миллиард долларга етказишга ҳисса қўшиш мақсадида ҳамкорлик шартномаси имзоладилар. 2021 йилда Туркиядан Ўзбекистонга болалар кийими экспорти 6 миллион доллардан ошган. Янги келишувлар туфайли бу кўрсаткич янада ўсиши кутилмоқда.
Исмоил Куш “Anadolu” агентлигига берган интервьюсида Бурсанинг Ўзбекистон билан алоқаси сўнгги йилларда жадаллашганини таъкидлади. Дарвоқе, Туркия болалар кийими ишлаб чиқариш миқдорининг, қарийб, 80 фоизи Бурсага тўғри келади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА