Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

ЎЗБЕКИСТОН-ТУРКИЯ: Божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланди


ЎЗБЕКИСТОН-ТУРКИЯ: Божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланди

Давлат божхона қўмитаси раиси бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Туркияда бўлиб қайтди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған иштирокида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг олий даражадаги йиғилишида божхона соҳасида ҳам муҳим келишув имзоланди.

Хусусан, Давлат раҳбарлари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ҳамда Туркия Республикаси Савдо вазири Мехмет Муш “Давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш  тўғрисида”ги баённомани имзолаган эди.

Мазкур келишувларни амалга тадбиқ этиш ҳамда иккала мамлакат ўртасида божхона соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси бошчилигидаги делегация 2022 йил 4-6 июль кунлари амалий ташриф билан Туркия Республикасида бўлиб қайтди.

Туркия Республикаси Савдо вазири Мехмет Муш билан учрашув

Учрашувда А.Мавлонов “Ўзбекистон ва Туркия чегаралари орқали ҳаракатланаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида олдиндан маълумот алмашиш” бўйича имзоланган Баённомани 2023 йилда тўлиқ ишга тушириш учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилишини маълум қилди. 

Меҳмонни Туркияга ташрифи билан қутлар экан, Мехмет Муш Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ўзаро савдо айланмасини янада ошириш учун барча йўналишларда, хусусан божхона соҳасида изчил ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон ва Туркия чегаралари орқали ҳаракатланаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида олдиндан маълумот алмашишни тўлақонли йўлга қўйиш учун тегишли масъулларга кўрсатмалар берди. 

Шунингдек, Туркияда божхона постларини қуришда бой тажрибага эга GTI компанияси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш таклифини қўллаб-қувватлади. 

Ўзбекистон-Туркия қўшма божхона кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Ташрифнинг асосий тадбири Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматлари раҳбарлари иштирокида Қўшма божхона кенгашининг 2-йиғилиши бўлди.

ДБҚ раиси Акмалхўжа Мавлонов ҳамда Туркия Республикаси Савдо вазири ўринбосари – Божхона хизмати раҳбари Риза Туна Турағай иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ва долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

- Ҳозирги даврда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Бунга Президентларимиз, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев ва Режеб Таййип Эрдўған жаноби олийларининг сиёсий иродаси ва дўстона муносабатлари муҳим асос бўлмоқда, - деди Акмалхўжа Мавлонов. - Жорий йилнинг ўтган даврига назар ташласак, Ўзбекистон ва Туркия ўзаро ташқи савдо айланмаси 1,6 млрд. АҚШ долларига ошди. 2021 йилда бу кўрсаткич 1,55 млрд. АҚШ долларини ташкил этган эди.

Учрашувда таъкидланишича, иккала мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг шиддат билан ривожланиши божхона соҳасидаги муносабатларга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Божхона постларини буёнд этишда давлат-хусусий шерикчилигини йўлга қўйиш, божхонани рақамлаштириш ва уни коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш, ходимларни бошқариш ва иш самарадорлигини баҳолаш (КПИ), контрабанда ва божхона қонун бузилишига қарши курашиш каби йўналишларда Туркия тажрибаси ҳар жиҳатдан ўрганишга ва ўзлаштиришга муносиблиги қайд этилди. 

ДБҚ раиси мамлакатларимиз ўртасида ваколатли иқтисодий операторларни ўзаро тан олиш таклифини илгари сурди. Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистонда 50 та ваколатли иқтисодий оператор мавжуд бўлиб, улар томонидан 2021 йилда 772 млн. АҚШ доллари қийматидаги товарларнинг экспорти ва импорти амалга оширилган. 

Юқоридаги таклиф амалга ошса, икки мамлакатнинг ваколатли иқтисодий операторлари учун янада кўпроқ қулайликлар яратилган бўлар эди. 

Туркиядаги ваколатли божхона брокерлари институти мавжуд бўлиб, оддий брокерлардан фарқли ўлароқ божхона идораларига юклатилган функцияларнинг баъзиларини бажариш учун  ваколатга эга. Улар асосан божхона омборларида юк операцияларини амалга оширишда назоратчи сифатида иштирок этадилар.

Шунингдек, ДБҚ раиси Тошкентга қайтгач Туркия билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошираётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан алоҳида учрашув ташкил қилишини, уларни ўйлантираётган муаммо ва таклифларни ўрганиб чиқишини  маълум қилди.

Божхона хизматлари ўртасида сўровнома-маълумот алмашинув ишларини жадаллаштириш масаласи ҳам йиғилишда қизғин муҳокама қилинди. 

Учрашувда Туркиялик божхоначилар “Билге” ва “Тарекс” божхона ахборот тизимлари бўйича тақдимотларни амалга оширишди, соҳани рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар беришди.

Мазкур ахборот тизимига 60 га яқин модуллар уланган бўлиб, экспорт, импорт, транзит ва электрон тижорат жараёнларининг барчаси мазкур тизим орқали бошқарилади. Бунинг учун мамлакатдаги тегишли вазирлик ва идоралар, логистика марказларига ўзаро интеграция қилинган. 

Йиғилиш якунида “Ташқи савдо статистикаси соҳасида методологик ва ахборий ҳамкорлик қилиш” тўғрисидаги Баённома ҳамда иккала мамлакат божхона лабораториялари ўртасида ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида Меморандум имзоланди.

Карго операциялари божхона пости фаолияти билан танишув

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Истанбул шаҳридаги Экспересс юкларни расмийлаштиришга мўлжалланган Карго операциялари божхона пости фаолияти билан танишди.

Мазкур постда ҳаво йўллари орқали Истанбулга кириб келаётган ва чиқиб кетаётган юклар божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.

Асосий божхона назорати жараёнлари постга бириктирилган 7 та йирик карго омборларида амалга оширилади. Асосий йирик омборлари Туркия ҳаво йўллари, DHL, UPS, FedEX ва бошқа экспресс юкларни ташувчи ташкилотларнинг омборларига тўғри келади.

Масалан, DHL карго маркази Германиянинг DHL компанияси томонидан ташкил этилган бўлиб, энг сўнги замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Ҳозирда 1 кунда ушбу марказ орқали 2000 дан ортиқ экспресс жўнатма расмийлаштирувдан ўтказилади.

Карго маркази 24/7 режимида фаолият юритади. Кунинг ёруғ вақтида (18:00 га қадар) импорт юклар, кунинг тунги вақтида экспорт юклар расмийлаштируви амалга оширилади.

Карго маркази биносида 5 қаватли стелажли юкларни сақлаш жойларидан иборат бўлиб, бир вақтнинг ўзида 36000 та жўнатмани сақлаш имкониятига эга. Жўнатмаларни стелажларга жойлаштириш 25 та робот томонидан амалга оширилади.

Назорат маркази - барчаси кафтдек намоён!

Ташрифнинг навбатдаги манзили Туркия савдо вазирлиги божхона хизмати таркибидаги Муҳофаза бошқармасининг назорат маркази бўлди.Кеча-ю кундуз фаолият юритадиган мазкур марказ 2013 йилда ташкил қилинган бўлиб, бу ерда инспекцион кўрик мажмуаларидан олинган назорат-рентген тасвирларини масофадан таҳлил қилиш,  йўловчилар профайлинги ва хавфларни баҳолаш, GPS мониторинг, видеокузатув тизимларидан олинган тасвирлар таҳлили, радиация назорати каби йўналишларда иш ташкил қилинган. 

Марказ фаолияти билан танишув давомида  рақамлаштириш бўйича қўлланилган илғор тажрибани ўрганиш ва ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, марказ мутахассисларини Ўзбекистонга жалб этиб, келгусида Тошкентда ишга тушириладиган тезкор таҳлил маркази фаолиятини йўлга қўйишда тажриба алмашиш бўйича келишиб олинди.

Анқара логистика маркази - замонавий юк ташишнинг илғор намунаси!

Делегацияси вакиллари Анқара логистика маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Таъкидлаш жоизки, Туркияда логистика соҳаси туризмдан кейинги энг катта салоҳиятга эга бўлган иккинчи соҳа ҳисобланади. Туркия Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган стратегик жойда жойлашган.

Бундай марказларнинг ташкил этилиши юк ташиш харажатлари ва вақтини тежашга, сифат ва хизмат кўрсатилаётган тармоқларнинг таъминот занжирини мустаҳкамлаш орқали қўшилган қийматни оширишга ва ҳаракат интенсивлигини камайтиришга бевосита хизмат кўрсатади.

Божхона лабораториялари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди

Делегация Анқара логистика марказидаги Криминалистика лабораторияси ва Марказий божхона лабораторияcи фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Боиси халқаро савдо талаблари ўзгараётган бир даврда ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари импорти хавфсизлигини таъминлаш заруратидан келиб чиқиб, янги турдаги экспертиза, уларни амалга ошириш учун замонавий техник воситалар билан яқиндан танишиш муҳим аҳамият касб этади.

Криминалистика лабораторияси нафақат божхона, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча идоралар томонидан аниқланган гиёҳвандлик моддалари, психотроп, сунъий наркотик ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг экспертизасини амалга оширади.

Марказий божхона лабораториясида эса озиқ овқат, нефт, текстиль, полимер (пластмасса) маҳсулотлари, металл буюмлар текшируви амалга оширилади. Экспертиза хулосалари махсус “Lara” дастурида қайд этиб борилади. 

Ташриф давомида божхона экспертизаси соҳасида илмий ҳамкорлик, малака ва тажриба алмашиш, божхона экспертизаси усуллари ва технологиялари бўйича маълумот алмашинувига келишиб олинди.

Бир сўз билан айтганда, Туркияга амалга ошиилрган ишчи ташриф иккала мамлакат божхона хизматлари ўртасида аниқ амалий ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб беради.  Бунда эса ташриф давомида имзоланган икки томонлама келишувлар муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажаради.

 

Ҳусан Тангриев, 

Давлат божхона қўмитаси

раиси матбуот котиби в.б.

ЎзА