САМАРҚАНД, 24 август. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар Самарқандда бунёд этилган «Буюк Ипак йўли» халқаро туризм маркази, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик доирасида шаҳарда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари улуғворлигини эътироф этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
– Элчилар ва дипломатлар иштирокида ўтган бугунги тадбир таассуротларга жуда бой бўлди, - деди у. -Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг аксариятида Туркия қурилиш компанияларининг иштирок этганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Қисқа фурсат ичида бунёд этилган ушбу муаззам иншоотлар бутун Ўзбекистон учун катта наф келтиради. Чунки бу ерда Ўзбекистон ШҲТ ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ва бошқа нуфузли йиғилишларни ўтказишни режалаштирмоқда. Шу жиҳатдан ушбу гўзал маскан Ўзбекистон учун муҳим маданий объектга айланади.
Туркия ва Ўзбекистон муносабатларига тўхталадиган бўлсак, у барча соҳаларда жадал ривожланмоқда. Юқорида таъкидлаганимдек, ушбу лойиҳаларда жуда кўп турк ташкилотлари қатнашди.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ШҲТнинг Самарқанд саммитида иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон билан ҳамкорликдан жуда мамнунмиз. Қардош халқларимиз тинчлиги, фаровонлиги ва манфаати йўлида биргаликда кўплаб лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширамиз, деган умиддаман.