Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси – “Янги Ўзбекистон” мақсадларига эришишнинг мустаҳкам замини


2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси – “Янги Ўзбекистон” мақсадларига эришишнинг мустаҳкам замини

АНҚАРА, 26 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонасида замонавий Ўзбекистонда рўй бераётган янгиланиш жараёнлари ва давлатимиз етакчиси ташаббускорлигида ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дастурлари ҳамда улар бераётган салмоқли натижалар билан турк жамоатчилигини яқиндан таништиришга йўналтирилган фаолият изчил давом этмоқда, деб хабар қилади “Дунё” АА мухбири.

 

Ўзбекистон “Тараққиёт стратегияси” маркази билан амалга оширилган қўшма лойиҳа асосида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси китобчасининг турк тилидаги нашри тайёрланди.

- Мен бугунги кунда айнан Ўзбекистоннинг янги даври – Янги Ўзбекистон борасида тадқиқот олиб бораяпман, - дейди Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган Ҳожи Байрам Валий университети тадқиқотчиси Зейнеп Алпинар. - Яқинда нашр этилган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” рисоласи мазкур жараёнда мен учун ўта муҳим манба бўлиб хизмат қилишига аминман.  Мазкур стратегия Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 2017-2021 йилларда муваффақиятли амалга оширилган “Ҳаракатлар стратегияси”нинг мантиқий давоми экани кўриниб турибди. Таъбир жоиз бўлса, мазкур ҳужжат “Янги Ўзбекистон” мақсадларига етишишнинг мустаҳкам замини бўлиб хизмат қилади. Хусусан, ушбу янги беш йиллик ривожланиш стратегиясининг инсон қадрини юксалтириш ва эркин фукаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, адолат ва қонун устуворлигини мамлакат тараққиётининг энг асосий ва муҳим шарти сифатида ривожлантириш, миллий иктисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли давлат сиёсати ва инсон капиталини ривожлантириш сингари қатор асосий мақсадлар бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Стратегияда иқтисодий соҳага энг катта эътибор қаратилгани диққатга сазовордир. Бу борада иқтисодиётни янада ривожлантириш, жумладан, соҳани эркинлаштириш, рақобат муҳитини яхшилаш, монополияга барҳам бериш, хорижий сармояларни кўпроқ жалб қилиш, нархларни барқарорлаштириш ва ҳудудларнинг салоҳиятига қаратилган тараққиёт ечимларини ишлаб чиқиш устивор этиб белгиланган. Мазкур мақсадлар босқичма-босқич ҳаётга тадбиқ этиб келинмоқда. Куни кеча Президент Ш.Мирзиёевнинг ишбилармон доиралар вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувида берилган муждалар ҳам буни тасдиқлайди.

Туркиядаги нуфузли таҳлил марказларидан бири, Ўзбекистон “Тараққиёт стратегияси” маркази ва элчихонанинг доимий ҳамкори -  ANKASAM раҳбари, профессор Меҳмет Сейфетдин Эрол ҳам 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси рисоласининг турк тилидаги нашрига юқори баҳо берар экан, Стратегияда белгиланган мақсадлар юзасидан қуйидаги фикрларини баён этди:

- Шубҳасиз, мазкур Стратегияни давлат раҳбари раҳнамолигида узоқни кўзлаб олиб борилаётган Янги Ўзбекистон қурилиши жараёнида белгиланган мақсадларга эришишнинг мустаҳкам йўл харитаси, деб аташ мумкин.

Ушбу мақсадлар замирида кучли ва барқарор давлат барпо этиш, “инсон қадри учун” шиори остида Ўзбекистон халқига фаровон келажакни яратиш каби эзгу ниятлар мужассам. Шуниси ҳам эътиборлики, “Тараққиёт стратегияси” аҳоли эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида ўтказилган кенг қамровли ижтимоий сўровлар натижасида юзага келди. Шу боис, мамлакат келажаги учун белгиланган марралар - Ўзбекистон халқининг ҳохиш-иродаси, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Стратегияда иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга устуворлик берилар экан, кимё ва фармацевтика саноати, энергетика лойиҳалари, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш бўйича мақсадлар, мебель ишлаб чиқариш ва туризм каби соҳаларни янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, рақамлаштириш ва рақамли иқтисодиётга ўтиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилган.

Ўзбекистоннинг ўз олдига қўйган мақсадларидан бири ўзини-ўзи таъминлайдиган даражага етиш ва бугунги шароитларни инобатга олган ҳолда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдир. Стратегияга мувофиқ деҳқончилик ва чорвачилик соҳаларини жиддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чоралари назарда тутилгани ҳам таҳсинга сазовордир.

Стратегиядаги мақсадлар ичида Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан кўп қиррали муносабатларини ривожлантириш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, минтақавий ташкилотлар доирасида Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини фаол илгари суриш кабиларни вазифаларни алоҳида эътироф этишни истар эдим. Ташқи сиёсат соҳасида ўта интенсив фаолият олиб бораётган Ўзбекистон мазкур мақсадларга бирма-бир муваффақият билан эришмоқда.