АНҚАРА, 30 август. /«Дунё» АА/. Туркиянинг «Euronews Port» журналида Ўзбекистон элчиси Алишер Агзамходжаев билан «Ўзбекистон истиқлолининг 31 йиллигини нишонламоқда» сарлавҳали суҳбат чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Интервью Туркия Президентининг жорий йилда Ўзбекистонга ташрифи натижалари, икки томонлама савдо-иқтисодий соҳадаги кўрсаткичлар, мамлакатимизда турк инвесторларига яратилган шарт-шароитлар, Туркияда ўтказилган маданий тадбирлар, пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, хусусан «Янги Ўзбекистон» боғи ва Мустақиллик монументи ҳақидаги батафсил маълумотларни қамраб олган.
Элчи Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар ҳақида тўхталар экан, у айниқса охирги йилларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлайди. «Хусусан, 2022 йилнинг 29-30-март кунлари Туркия Президенти Режеп Тайип Эрдўғон расмий ташриф билан Ўзбекистонга борди. Тўрт йиллик танаффусдан сўнг Туркия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасидаги биринчи манзил Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб қурилган Мустақиллик монументи бўлди. Туркия Президенти юқорида тилга олинган ёдгорликни зиёрат қилган биринчи олий мартабали меҳмон эканлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Туркия раҳбарининг ташрифи чоғида илк бор ўтказилган бундай маросим олий даражадаги делегацияларнинг мамлакатимизга ташрифи чоғида анъанага айланди», дея таъкидлайди Ўзбекистон элчиси.
Алишер Агзамходжаев Туркия Президентининг Ўзбекистонга буюрган ташрифига тўхталар экан, давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олганликларига эътибор қаратади. «Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Саммитда қабул қилинган энг муҳим қарорлардан бири муносабатларимизни янги – кенг қамровли стратегик шериклик босқичига чиққанининг эълон қилингани бўлди, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга, турли соҳаларда 10 та янги шартнома имзоланди», дейди дипломат.
Суҳбатда турк сармоядорларининг мамлакатимиздаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган.
Таъкидланганидек, 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2021 йил якунига келиб бу кўрсаткич уч баробардан зиёдга ошиб, 3,6 миллиард долларга етди. «Ўзбекистондаги турк инвесторларининг улуши ҳам кейинги йилларда сезиларли даражада ошди. Туркиянинг Ўзбекистонга киритган сармояси 2021 йилга келиб 1,2 миллиард долларга етди. Бу рақамлар Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун яратилган шарт-шароитлар йилдан-йилга яхшиланиб, Туркия инвесторларининг Ўзбекистонга сармоя киритишга бўлган ишончи ортиб бораётганини тасдиқлайди».
Интервьюда қайд этилганидек, Ўзбекистонда турк капитали иштирокидаги қўшма ва хорижий корхоналар сони 2022 йил 1 май ҳолатига кўра 1961 тага етди. Шу тариқа, Ўзбекистонда Туркияга тегишли корхоналар сони сўнгги беш йилда 5 баробар ошди.
Элчи нашр мухбирининг ўзаро муносабатлардаги маданий тадбирлар салмоғи, хусусан, июнь ойида ўтказилган “Лазги” тадбири ҳақидаги саволларига жавоб бериш асносида Туркияда Ўзбекистон маданиятини тарғиб қилиш бўйича муайян ишлар олиб борилаётганини тилган олган. Унинг айтишича, Қашқадарё давлат театри томонидан саҳналаштирилган «Дали» спектаклининг Халқаро Малтепе театр фестивалида энг яхши спектакл деб топилгани бу борадаги муваффақиятларининг дебочасидир. «Ўтган йили декабрь ойида Анқара ва Истанбул шаҳарларида ўтказилган Ўзбекистон маданияти кунлари вантандошлар билан бирга турк қардошларимизнинг ҳам диққат марказида бўлди,-дейди А.Агзамходжаев. – Дарҳақиқат, июнь ойида Истанбул ва Бурса шаҳарларида Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда «Лазги – руҳ ва севги рақси» спектакли Туркиялик томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Лазги сеҳрли ва қизиқарли афсоналарга бой. Лазги ҳаракат орқали инсоний фазилатлар, муҳаббат ва бахт садоларини ифодалайди».
Суҳбат давомида элчи, шунингдек, Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги ва Ўзбекистон-Туркия дипломатия муносабатларининг 30 йиллиги доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтган.
Дипломат Ўзбекистонда Туркия ҳамиша катта миннатдорлик билан эътироф этилишини таъкидлайди. «Ўзбекистон халқаро муносабатлар оламига қадам қўйганида уни биринчи бўлиб қарши олган давлат қардош Туркия бўлган эди. Туркия мамлакатимиз мустақиллигини тан олган биринчи давлатдир. Бинобарин, бугун биз кутиб олаётган Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллик байрамида қадрли турк биродарларимизнинг ҳам қўллаб-қувватловлари бор», дейди Алишер Агзамходжаев.