Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

«Hürriyet» газетаси: Тошкент ўзининг фаол ташқи сиёсати билан ҳам туркий дунё, ҳам Евроосиё барқарорлигининг ажралмас ҳалқаси бўлиб улгурди


«Hürriyet» газетаси: Тошкент ўзининг фаол ташқи сиёсати билан ҳам туркий дунё, ҳам Евроосиё барқарорлигининг ажралмас ҳалқаси бўлиб улгурди

АНҚАРА, 3 сентябрь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг етакчи «Hürriyet» газетасида Анқара инқироз ва сиёсат тадқиқотлари маркази (АНКАСАМ) раҳбари профессор Меҳмет Сейфеттин Эрол қаламига мансуб “Минтақавий ва глобал барқарорликнинг тинчликпарвар иштирокчиси: Янги Ўзбекистон” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Унда мамлакатимиз юритаётган очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат, Янги Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ўрни мустаҳкамланаётгани, халқаро ташкилотлар доирасидаги фаолияти кучайиб бораётгани аниқ мисоллар асосида таҳлил қилинган.

Қуйида ушбу мақоланинг асосий мазмуни келтирилган.

“1991 йил 31 август куни қардош Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилди ва ҳар йили 1 сентябрь мамлакатда Мустақиллик куни сифатида кенг нишонланади.

1996 йил 8 май куни Ўзбекистон билан Туркия ўртасида имзоланган Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома Шавкат Мирзиёевнинг Президент этиб сайланиши билан ҳақиқий маънода ўз ўрнини топди ва амалга тадбиқ этила бошлади. Бунинг энг асосий далолати шундан иборатки, 2017 йил 25 октябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Анқарага ташрифи чоғида муносабатлар илк бор стратегик шериклик даражасига, Президент Таййип Эрдўғоннинг 2022 йил 28-30 март кунлари Тошкентга ташрифи чоғида эса кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Томонларнинг сиёсий-дипломатик муносабатлари савдо-иқтисодий алоқаларнинг изчил ривожи асосида мустаҳкамланиб бормоқда. Бугунга келиб, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3,5 миллиард доллардан ошди. Томонлар бу кўрсаткични аввал 5 миллиардга, кейин эса 10 миллиард долларга етказиш ниятида ва икки давлат раҳбарлари бу борада қатъий иродаларини намойиш қилмоқдалар. Дарвоқе, сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда Туркия сармояси иштирокидаги корхоналар сони 2 минг 32 тага етди.

 

Минтақавий ҳамкорлик ва Янги Ўзбекистон

Евроосиё жўғрофиясининг айрим минтақаларида беқарорлик, инқирозлар ва эҳтимолий геосиёсий “зилзилалар” тобора кучайиб бораётган бир вақтда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзининг яқин муҳитида, айниқса, қўшнилари билан муносабатларда барқарорлик ва фаровонликка асосланган ҳамкорликка интилиши, амалга ошираётган инсонпарварлик дипломатияси юксак таҳсинга сазовор. Кўриниб турибдики, Ўзбекистон минтақа давлатлари ўртасидаги чегаравий низоларни ҳал этиш ва Афғонистон муаммосига ечим топиш орқали ҳам икки, ҳам кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун дипломатик имкониятларни қизғин сафарбар этиб келмоқда.

Ушбу нуқтаи назардан, 2021 йил декабрь ойида Қозоғистон билан имзоланган ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни иттифоқчилик даражасига кўтарган келишув жуда муҳим. 2022 йил 2 июнь куни Тожикистон билан ҳам худди шундай мазмундаги шартнома имзоланди. Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳам муҳим яқинлашув жараёни олиб борилмоқда.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё доирасидаги ташқи сиёсати институционал характер қозонишида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказиб келинаётган Марказий Осиё давлатлари Президентларининг Маслаҳат учрашувлари ҳаётий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш лозим. 2022 йил июль ойида Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги саммитда давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган қарорлар ва ҳамкорлик борасида кўрсатилган кучли ирода Тошкентнинг минтақавий ташаббусига бошқа иштирокчилар ҳам хайрихоҳ эканини кўрсатиб турибди. Айни пайтда Ўзбекистон минтақа давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятида. Мамлакатнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясига киритилган Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.

 

Кавказ-Марказий Осиё геосиёсатида Ўзбекистон

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон Кавказ-Марказий Осиё ҳамкорлиги контекстида ҳам асосий давлат сифатида яққол кўзга ташланмоқда. Бу борада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2022 йил 21-22 июнь кунлари Тошкентга ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви ҳамда ташриф доирасида имзоланган кўплаб шартномалар бу фикрни тасдиқлайди. Бу келишувлар билан икки давлат ҳамкорлик қилиш иродасини намоён этди ва эҳтимолий таҳдидларга қарши ҳамжиҳат эканини кўрсатди. Ўзбекистонда Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев номидаги янгиланган кўча ва ёдгорликнинг очилиши икки томонлама муносабатларда умумий тарих ва қадриятларга содиқликни тасдиқлаш, ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтариш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда, Ўзбекистон таклифи билан Озарбайжон ва Туркияни ўз ичига олган уч томонлама музокаралар механизми яратилгани ҳам эътиборга молик. 2 август куни уч мамлакат ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирлари иштирокида бўлиб ўтган биринчи учрашув чоғида уч давлатнинг умумий кун тартибидаги масалалар, хусусан, “Ўрта коридор” бўйича ҳамкорликни ошириш йўллари муҳокама қилинди. Йиғилишда имзоланган Тошкент декларациясида муҳим фикрлар ўрин олганини қайд этиш керак.

 

Марказий-Жанубий Осиё ҳамкорлиги доирасида келажак марралари ва Янги Ўзбекистон

Ўзбекистон жойлашган минтақага назар ташлар эканмиз, Афғонистон каби муаммоли ва беқарор география ёдга тушади. Афғонистонда террорчилик таҳдиди ва иқтисодий инқироз билан боғлиқ инсонпарварлик инқирози кун сайин яққол намоён бўлмоқда. Бу борада Ўзбекистон Афғонистон муаммосини ҳал этишда ҳамкорлик, муроса ва мулоқот усулларидан фойдаланиш зарурлигини доимо таъкидлаб келади. Шу нуқтаи назардан, 2022 йил 26 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан ўтказилган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференция натижалари Афғонистонда амалга оширилиши лозим бўлган “йўл харитаси” моҳиятига эга, десак янглиш бўлмайди. Шавкат Мирзиёев Афғонистонни минтақадаги турли лойиҳалар доирасига қўшишга интилиб келмоқда. Зеро, мазкур ташаббусларнинг мақсади – кучли Қобул маъмуриятини барпо этиш, ўзини ўзи таъминлай оладиган ва оёқда мустаҳкам турадиган Афғонистоннинг шаклланиши орқали минтақадаги гуманитар инқирозларни бартараф этишга қаратилган.

Янада муҳимроқ бир жиҳат мавжуд. Ўзбекистон раҳбарининг фикр ва ташаббуслари нафақат минтақавий, балки глобал қамровга эга. Хусусан, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ғояси Ўзбекистоннинг мазкур икки минтақалараро кўприк бўлишини таъминлаш баробарида, Марказий Осиё давлатларининг океанга чиқишига йўл очадиган стратегик ёндашувни ҳам ўз ичига олган. Ўзбекистон таклиф этаётган Термиздан бошланиб, Мозори Шариф – Қобил – Пешовар йўналиши бўйлаб ҳаракатланадиган трансафғон транспорт коридори лойиҳаси мазкур улуғвор мақсадга қаратилган.

Юқорида тилга олинган геосиёсий онгли ҳаракатлари натижасида шимол-жануб ва шарқ-ғарб йўналишларида стратегик ўйинчи даражасига кўтарилган Ўзбекистон Ғарб ва Шарқ ўртасидаги мувозанат марказига айлана олди. Тошкент маъмурияти Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ҳам асосий иштирокчиларидан эканини намойиш этиб келмоқда. Ташкилотдаги раислик даврида Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказилаётган қатор лойиҳа ва тадбирлар буни яққол кўрсатиб турибди. Самарқандда бўлиб ўтадиган ва бир неча олий даражадаги меҳмонлар, жумладан, Туркия Президенти ҳам иштирок этадиган ШҲТнинг навбатдаги саммитига тайёргарлик ҳам Тошкентнинг инклюзив сиёсатининг самарасидир.

 

Ўзбекистон ва Туркий давлатлар ташкилоти

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги туркий дунё билан ҳамкорлик жиҳати ҳисобга олинса, Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) қудратли ўйинчига айланишида Учинчи Ренессанс ғоясининг ташаббускори Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган қарор жуда муҳим ўрин тутганлигини таъкидлаш зарур. Зеро, 2019 йилда Ўзбекистоннинг ТДТга тўлақонли аъзо бўлиб қўшилиши билан унинг фаолияти янада жадаллашди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 12 ноябрь куни бўлиб ўтган ТДТ Истанбул саммитидаги нутқи ва таклифлари тузилманинг истиқболини шакллантириш, кучли, фаровон ва барқарор туркий дунёни яратишда муҳим “йўл харитаси” моҳиятига эгадир. Ушбу таклифлар савдо алоқаларини ривожлантириш ва транспорт-энергетика коридорларини диверсификация қилиш, саноат кооперациясини ривожлантириш, “ақлли” шаҳарлар ва яшил технология ҳудудларини яратиш борасида маълумот алмашиш, ёшлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш ва умумий маданий меросни ҳимоя қилиш каби йўналишларни ўз ичига олади.

Шу ўринда эслатиш жоизки, 2022 йил 11 ноябрь куни ўтказилиши режалаштирилган ТДТнинг навбатдаги саммити Ўзбекистоннинг туркий-ислом цивилизацияси тарихида муҳим ўрин тутган Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу саммит доирасида Ўзбекистон ТДТ раислигини қабул қилиб олади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда туб янгиланишларни олиб бораётган Янги Ўзбекистон ташқи сиёсат борасида ҳам эски қолиплардан воз кечиб, халқаро муносабатларнинг фаол субъектига айланди. Мамлакатнинг икки ва кўп томонлама форматларда хорижий давлатлар билан кенг қамровли ҳамкорликни стратегик даражага олиб чиқиш, шерикликларни кенгайтириш, минтақавий ва глобал масалалар бўйича мувозанатли, доимий мулоқот олиб бориш, йирик халқаро тадбирларга мезбонлик қилиш, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ўз позицияси ҳамда умумжаҳон миқёсидаги ташаббусларини илгари суриш бўйича кўрсатаётган фаолияти юқоридаги фикрни тасдиқлайди.

Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқич чиқишида ҳам Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни бор.

Бир сўз билан айтганда, расмий Тошкент ўзининг фаол ташқи сиёсати билан ҳам туркий дунё, ҳам Евроосиё барқарорлигининг ажралмас ҳалқаси бўлиб улгурди. Бинобарин, тарихий миссиясини конъюнктура талаблари билан мувофиқлаштиришни уддасидан чиқаётган Ўзбекистон  минтақавий ва глобал масалаларга ечим топишда асосий ташаббускорга айланмоқда”.