АНҚАРА, 13 сентябрь. /«Дунё» АА/. Мехмет Сейфеттин Эрол, Анқара Инқироз ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори:
- Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш ва Ўзбекистон Президенти томонидан ушбу тузилма доирасида илгари сурилган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши ҳақиқатан ҳам жаҳон миқёсида ишонч ва геосиёсий қарама-қаршиликлар инқирози кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда ШҲтнинг нуфузи ва мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали концептуал мақоласида айнан шу масалаларга, шунингдек, глобал тенденцияларни чуқур таҳлил қилишга, янги муаммолар ва имкониятлар билан ўзаро боғлиқ дунёда ШҲТнинг халқаро муаммолар спиралидаги ролини баҳолашга катта эътибор қаратилган.
Ўзбекистон раҳбари “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” деган шиорни эълон қилгани ҳолда республиканинг ташкилотга раислиги моҳиятини очиб берган. ШҲТ маконидаги давлатларнинг юксак инсоний, интеллектуал ва технологик салоҳиятга, жадал ривожланаётган иқтисодиётларга ва ҳали тўлақонли фойдаланилмаган табиий захираларга эга экани ташкилотнинг иқтисодий аҳамиятини янада оширишга хизмат қилиши ҳам асосли равишда қайд этилган.
Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даври юксак савияда ўтди ва "Самарқанд руҳи" ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстликнинг тимсоли сифатида ташкилотнинг бутун минтақа манфаати йўлида энг жадал ва самарали ривожланишига хизмат қилади.