Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари билан учрашди


Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари билан учрашди

 

 

АНҚАРА, 22 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Агзамходжаев 20 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанлар чуқур ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактабга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташриф давомида элчи ўқувчи ёшлар билан “Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги” мавзусида суҳбат ўтказди.

У ўз нутқида Ўзбекистон бугунги кунда мустаҳкам оёққа турган ва халқаро майдонда ўз сўзи ҳамда обрўсига эга бўлган мамлакатга айланганини алоҳида таъкидлади.

Дипломат Ўзбекистон-Туркия муносабатларидаги ижобий ўзгаришлар ва қўлга киритилаётган натижалар, шунингдек, икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштириш бўйича  элчихона томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўзлаб берди.

Очиқ мулоқот давомида мактаб ўқувчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олишди. Жумладан, ўқувчиларнинг «Ҳозирги пайтдаги икки давлат муносабатларини қандай баҳолайсиз?» деган саволига элчи: «Сўнгги беш йилда Ўзбекистон ва Туркиянинг тегишли муассасалари ўртасида савдо, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, таълим, маданият каби турли соҳалардаги ҳамкорлик кескин даражада ўсди», дея жавоб берди.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатия миссияси раҳбари, шунингдек, элчихона бугунги кунда иқтисодий дипломатияга алоҳида эътибор қаратаётганини қайд этди. Унинг айтишича, бундан кўзланган асосий мақсад икки давлатнинг савдо-иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришдан иборатдир.