ИСТАНБУЛ, 11 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Истанбулдаги Бош консулхонаси кўмагида маданият ва санъат соҳасидаги хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва Молия вазирликлари ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳнинг Истанбул шаҳридаги “Отатурк” маданият марказига ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Марказ ходими Эбубекир Озкулнинг маълум қилишича, бинонинг барпо этилиши 2019 йилда бошланган. Қурилиш ишлари 2 йил давом этган. 2021 йилнинг 29 октябрида Туркия Республикаси ташкил топганининг 98 йиллиги муносабати билан Президент Р.Эрдоган томонидан марказ тантанали равишда очилган.
Янгиланган Отатурк маданият маркази беш бино ва 96 минг квадрат метр майдонни эгаллайди. 49 минг квадрат метрдан иборат ва 2040 томошабинга мўлжалланган опера зали, 800 кишига мўлжалланган театр зали, 410 квадрат метрлик санъат галереяси мавжуд. Заллардан ташқари марказ мусиқа музейи, овоз ёзиш студияси, болалар ижодиёти маркази ва махсус мавзулар учун ахборот маркази сифатида яратилган кутубхонадан иборат. Янгиланган мажмуада 285 ўринли кинотeaтр ва совғалар дўкони, шунингдек, солистлар ва оркестрлар учун машғулот хоналари, ресторанлар, чойхоналар, китоб кафелари, устахона ва маъмурий-техник хоналар мавжуд.
Шу куннинг ўзида, делегация вакиллари Истанбул вилояти Маданият ва туризм бошқармаси бошлиғи Жошкун Йилмаз билан учрашув ўтказдилар. Турк тарафининг халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликда маданият ва санъат соҳасида олиб бораётган тажрибаси, маданият ташкилотларида бошқарувнинг замонавий тизими ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш ҳамда давлат секторларида амалга оширилаётган давлат-хусусий шериклик ҳамда инвестиция лойиҳалари бўйича музокаралар олиб борилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ишчи гуруҳи раҳбари томонидан мамлакатимизда маданият соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилди.
Ўзбекистон-Туркия алоқалари изчил ривожланиб бораётганлигини инобатга олиб, маданият ва санъат йўналишларида икки томонлама алоқаларни янада кучайтириш бўйича келишувга эришилди.