ИСТАМБУЛ, 15 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон маданият ва молия вазирликлари вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ Истанбул шаҳридаги Айдин Доған номидаги санъат лицейи фаолияти билан танишди, деб хабар берпмоқда «Дунё» АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Истанбулдаги Бош консулхонаси кўмагида ташкил этилган амалий ташриф давомида лицей директори Осман Бўзали, ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Туркияда санъат йўналишидаги таълимнинг ўзига хос хусусиятлари, методологияси юзасидан фикр алмашилди. Маданият ва санъатга ихтисослашган таълим муассасаларида ўқув дастурларининг замонавий ва илғор усулларини жорий этиш, бу борада қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида урғу берилди.
Ишчи гуруҳ мазкур ўқув даргоҳида олиб борилаётган ишлар, ўқув жараёни, халқаро ва мамлакат доирасидаги танловлар ҳамда тадбирларда лицей ўқувчиларини иштироки ҳақидаги маълумотлар билан танишди.
Музокаралар натижасида Айдин Доған номидаги санъат лицейи ҳамда Ўзбекистоннинг маданият ва санъат соҳасидаги ўрта-махсус таълим муассасалари ўртасда ҳамкорлик ўрнатиш, тажриба алмашишни кўзда тутувчи шартнома имзолаш юзасидан яқин кунлар ичида онлайн ва анъанавий шаклда учрашувлар ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.
Ишчи гуруҳ, шунингдек, Истанбул ҳокимияти ҳузуридаги маданият бошқармасига тегишли Турк дунёси маҳалласидаги Ўзбекистон уйини таъмирлаш, унинг экспозиция ва ашёларини янгилаш юзасидан тегишли муассасалар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Учрашув давомида турк томонига мамлакатимизда маданият ва санъатни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди.
Томонлар маданият ва санъат соҳасида алоқаларни янада жадаллаштириш юзасидан келишувга эришди.