Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркиядан табрик: Ўзбек тилининг обрў-эътибори янада сарбаланд бўлсин


Туркиядан табрик: Ўзбек тилининг обрў-эътибори янада сарбаланд бўлсин

АНҚАРА, 21 октябрь. /«Дунё» АА/. 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган Ҳожи Байрам Валий университетида ўзбек тилини ўрганаётган талабалар  мамлакатимиз халқига ўз табрикларини йўлладилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Бейзанур Эркоюнжу, Ҳожи Байрам Валий университети талабаси:

-Ўзбекистонлик қардошларимизга саломларимни йўллайман. Биз Хожи Байрам Вели университетила зўр иштиёқ билан ўзбек тилини ўрганишга ҳаракат қилаяпмиз. Бугун биз университетда ушбу қутлуғ санини тантанали тарзда нишонлаяпмиз.

Албатта, гўзал Ўзбекистонни, Тошкентни зиёрат қилишни истайман.

Фурсатдан фойдаланиб,Ўзбек тили байрами куни билан барча ўзбекистонликларни табриклайман.

Бейза Ўзер, Ҳожи Байрам Валий университети талабаси:

-21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни барчангизга муборак бўлсин.   Миллий тил байрами мустақил Ўзбекистон ва унинг халқи учун муҳим сана ҳисобланади. Чунки тил ҳар бир халқ руҳиятини ўзида мужассам этади, унинг ҳурриятини ифодалайди.

Бугун бутун дунё ўзбеклари қатори биз ҳам Хожи Байрам Валий университетида ўзбек тили байрамини катта тантана билан нишонламоқдамиз. Ўзбек тили  куни Туркияда ушбу тилни ўрганаётганлар учун ҳам қардли байрам ҳисобланади.

Ўзбек тилининг обрў-эътибори, нуфузи янада сарбаланд бўлишини, халқаро минбарларда жаранглаб туришини тилайман.

Селда Сари, Ҳожи Байрам Валий университети талабаси:

-Мен бир неча йилдан бери ўзбек тилини ўрганиб келаяпман. Ўзбек тилининг ҳақиқий шайдосиман. Бу тилда ёзилган шеър ва асарларни мириқиб мутолаа қиламан. Айниқса, Навоий, Бобур қаламига мансуб ғазал ва рубойиларни такрор ва такрор ўқиш менга жуда ёқади. Уларни ёд олганман. Дўсларим ва яқинларим даврасида ўзбек мумтоз шеърияти намуналарини айтиб беришдан роҳатланаман.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни 21 октбярь – Ўзбек тили байрами куни билан муборакбод этаман. Биз Туркияда ўзбек қардошларимиз тўғрисида кўпроқ ўқишни ва ўзбек тилини янада яхшироқ ўрганишни истаймиз. Умид қиламанки, бу орзуимиз амалга ошади.

Мине Теке, Ҳожи Байрам Валий университети талабаси:

-Ўзбекистонлик барча қардошларни 21 октбярь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан табриклайман. Анқара Хожи Байрам Валий университети талабаси сифатида бу байрамни сизлар билан бирга нишонлаётганимдан бахтиёрман. Шу муносабат билан, шоир Муҳаммад Юсуфнинг “Ўзбекистон” номли шеърини сизларга илиндим:

О, ота маконим,

Онажон ўлкам,

Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.

Сендай меҳрибон йўқ,

Сенингдек кўркам,

Римни алишмасман бедапоянгга.

 

Бир гўша сув бўлса, бир гўша қирлар,

Қанча юртни кўрдим, қанча тақдирлар.

Қайга борсам суяб, бошни тик тут деб,

Тоғларинг изимдан эргашиб юрар.

 

Кўрдим сулувларнинг энг фарангларин,

Ё худбинман ё бир содда касман мен:

Парижнинг энг гўзал ресторанларин,

Битта тандирингга алишмасман мен.

 

На гапга кўнайин,

На тил билайин,

Кўздан уйқу қочди, дилдан ҳаловат.

Уч кунда соғинсам нима қилайин?..

Чала қолар бўлди ҳамма саёҳат.

 

Билдимки, баридан улуғим ўзинг,

Билдимки, яқини шу тупроқ менга.

Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг

Араб оҳусидан азизроқ менга.

 

Сен билан ўтган ҳар кун байрам-базм,

Сенсиз бир он қолсам раҳмим келади.

Сени билганларга қиламан таъзим,

Сени билмасларга раҳмим келади.