АНҚАРА, 21 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи Туркия эксперт ва таҳлил ҳамжамияти доиралари вакиллари томонидан катта қизиқиш билан муҳокама қилинмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Месут Эмре Каракўсе, Стратегик тадқиқотлар маркази директори, Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламенти) эксперти:
– Мен ушбу ташриф жараёни ва икки давлат раҳбарларининг самарали учрашувини катта қизиқиш билан кузатдим. Туркманистон пойтахтида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича ҳам икки томонлама, ҳам халқаро майдонда яқин ҳамкорликни назарда тутувчи Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Декларация имзоланди.
Ўзбекистон ва Туркманистон халқаро ҳамда минтақавий сиёсатнинг долзарб масалаларида дунёдаги нуфузли ташкилотлар доирасида бир-бирини доимо қўллаб-қувватлаб келади. Ташриф чоғида томонлар БМТ, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ, ТДТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол ҳамкорлик қилиш қатъиятини яна бир бор тасдиқлагани қувонарли ҳолдир.
Ўзбекистон Президентининг прагматик сиёсати ва сиёсий иродаси туфайли Марказий Осиё кейинги йилларда ўз салоҳиятини сезиларли даражада оширди.
Музокаралар кун тартибидаги муҳим масала Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўлди. Икки давлат Президентлари ушбу мамлакатдаги вазиятни тезроқ барқарорлаштириш ва муҳим инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга ҳам келишиб олдилар.
Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Туркманистон, шунингдек, бутун жаҳон ҳамжамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан қўшни Афғонистондаги вазият, шубҳасиз, тинч йўлдан боради.
Ҳикмет Эрен, «EkoAvrasya» Евроосиё иқтисодий алоқалар уюшмаси бошқарувининг раиси:
- Ашхободдаги музокараларнинг муҳим жиҳати савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш бўлди.
Давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон-Туркманистон чегара савдо зонасининг очилиши ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
«Шарқ-Ғарб» ва «Шимол-Жануб» йўналишлари бўйлаб транспорт йўлакларини фаол ривожлантириш, шу жумладан, «Туркманбоши» бандаргоҳи имкониятларидан фойдаланиш бўйича келишувга эришиш икки томонлама музокараларда муҳим нуқта ҳисобланади. Чунки икки давлат ўртасидаги алақаларда транспорт сектори иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан биридир.
Саноат, энергетика, кимё саноати ва қишлоқ хўжалиги каби устувор жабҳаларда янги лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш нафақат Ўзбекистон билан Туркманистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари иқтисодиёти учун ҳам иқтисодий ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб хизмат қилади.