Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Туркияда қатор учрашув ва музокаралар ўтказди ҳамда электромобиллар ишлаб чиқариш заводининг очилиш маросимида иштирок этди


Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Туркияда қатор учрашув ва музокаралар ўтказди ҳамда электромобиллар ишлаб чиқариш заводининг очилиш маросимида иштирок этди

ТОШКЕНТ,  31 октября. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Туркияга ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев хорижлик ҳамкасблари билан қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, Туркия савдо вазири Меҳмет Муш билан учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиш динамикаси алоҳида таъкидланди. Охирги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошиб, 2021-йилда 3,4 миллиард долларни, жорий йилнинг 9 ойида эса 2,4 миллиард долларни ташкил этди. Томонлар савдо тузилмасини диверсификация қилиш доирасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Шунингдек, транспорт ва логистика соҳасидаги муносабатлар юзасидан фикр алмашилди. Туркиянинг юклар транзити бўйича халқаро шартномаларга қўшилиш истиқболлари кўриб чиқилди, шунингдек, савдо йўлакларини диверсификация қилиш, транзит жараёнларини оптималлаштириш ва соддалаштириш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга келишилди.

Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Ваҳит Киришжи билан музокаралар чоғида қишлоқларни ривожлантириш, жумладан, чорвачилик, паррандачилик, деҳқончилик, сут ва гўшт етиштириш соҳаларида лойиҳалар ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда амалга оширилишига грантлар ажратиш бўйича Туркия тажрибасини Ўзбекистонда қўллашга асосий эътибор қаратилди.

Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгаришлари вазири Мурат Курум билан учрашувда ижтимоий уй-жой қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича Туркия тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш, шунингдек, аҳоли саломатлиги пунктлари ва Орол бўйи ҳудудида бандликни оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Шу куни Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоган иштирокида «TOGG» электромобилларини ишлаб чиқарувчи заводнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маълумот учун, «TOGG» заводи Туркиянинг Бурса провинциясида жойлашган. Қурилишга 3,7 миллиард доллар сармоя киритилиб, йилига 175 минг дона, 2030 йилгача эса седан, хэтчбек, кроссовер ва бошқа турдаги 1 миллион дона электромобиль ишлаб чиқариш режалаштирилган. Корхонада 800 дан ортиқ киши ишлайди. «TOGG», шунингдек, Туркиянинг 81 повинциясидан 600 дан ортиқ қувватлаш станциялари инфратузилмасини қурмоқда.