ТОШКЕНТ, 15 ноябрь. /«Дунё» АА/. Кеча Олий Мажлис Сенатида «Туркия-Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳининг раҳбари Осман Местен билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев Туркия томонини мамлакатимизда бўлиб тургани билан қутлади.
Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳамда Ўзбекистон-Туркия муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Даставвал томонлар 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти саммити аъзо давлатлар учун самарали ва манфаатли бўлганини, унда илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни ҳаётга тадбиқ этишда парламентлар имкониятларидан фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратдилар.
Таъкидланганидек, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар кенг қамровли шериклик даражасида ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш долзарблиги қайд этилди.
Мулоқот давомида парламент фаолияти самарадорлигини оширишда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хорижий ҳамкасблар билан тажриба алмашиш, жумладан, қўмиталарнинг ўзаро алоқаларини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга экани билдирилди.