АНҚАРА, 18 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференцияси очилиш маросимидаги нутқи Туркиянинг таҳлил ва эксперт доиралари вакиллари ўртасида ҳам ўзининг катта акс-садосини берди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Aнқара Инқироз ва сиёсат тадқиқотлари маркази - “ANKASAM” директори профессор Меҳмет Сейфеттин Эрол давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқи юзасидан қуйидаги фикрларини баён этди:
- Жорий йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон яна бир муҳим халқаро тадбирга - Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференциясига мезбонлик қилди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон минтақавий ва умумбашарий масалалар кўриб чиқиладиган “Глобал мулоқот маркази”га айланиб бормоқда. Чунки Ўзбекистон энг муҳим дипломатия пойтахтларидан бирига айланиш йўлида катта эътиборга молик қадамларни ташлашда жадал давом этмоқда.
Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг раҳбарлигидаги Янги Ўзбекистоннинг улкан муваффақияти ҳисобланади.
Мазкур халқаро конференция ҳам Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга содиқлигини намоён этгани ҳолда мамлакатнинг муҳим халқаро иштирокчи эканлигини яна бир бор тасдиқлади. Шубҳасиз, бу ҳам давлат етакчиси Ш.Мирзиёевнинг узоқни кўра оладиган раҳбарлиги билан чамбарчас боғлиқдир.
Дарҳақиқат, Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнларининг энг муҳим йўл харитаси - 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясидир. Шу маънода таълим тизими, жумладан, мактабгача таълим жабҳаси мазкур ислоҳотларнинг муҳим йўналиши сифатида белгилангани жуда катта эътиборга сазовордир.
Маълумки, Ўзбекистонда Ш.Мирзиёев Президентлиги даврида ўқитувчилар сонини уч баравар кўпайиб, 160 минг нафарга етди, болалар боғчаларида тарбияланувчилар сони 600 мингдан 2 миллионга кўпайди, педагог ва тадбияловчиларнинг фаровонлигини оширишга қаратилган амалий қадамлар ҳам порлоқ келажакка йўналтирилган оқилона сиёсатнинг маҳсули ҳисобланади.