Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркия минтақаларида мамлакатимиз санъат усталари иштирокида «Ўзбек маданияти ва санъати кечаси» бўлиб ўтмоқда


Туркия минтақаларида мамлакатимиз санъат усталари иштирокида «Ўзбек маданияти ва санъати кечаси» бўлиб ўтмоқда

ИСТАНБУЛ, 23 ноябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Истанбулдаги Бош консулхонаси томонидан «Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти»,  «Ватандошлар» жамғармаси, Бурса шаҳри Османгази тумани ҳокимияти билан ҳамкорликда  «Панорама – Бурса Фотиҳ музейи»да «Ўзбек маданияти ва санъати кечаси» ташкил этилди, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири.

 

Тадбирда Туркиядаги сиёсий партиялар, Нодавлат нотижирот ташкилотлари вакиллари,  ушбу мамлакатда таҳсил олаётган ва Бурса шаҳрида вақтинча яшаётган ватандошлар қатнашдилар.

«Ўзбек маданияти ва санъати кечаси»да Ўзбекистондан келган таниқли санъат усталари, Ўзбекистон халқ артистлари Абдуҳошим Исмоилов, Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Аҳмедова, шунингдек, Муҳсимжон Мўминов, Шуҳрат Воҳидов ва Рушана Султонова ўз дастурларини тақдим этдилар.

Маданий тадбир аввалида Бош консулллик ходимлари, Османгази тумани ҳокими Мустафа Дундар, «Адолат ва ривожланиш» партияси депутати ҳамда Туркия-Ўзбекистон парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари Осман Местен сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Туркия маданий алоқаларининг бугунги ҳолати хусусидаги фикрларини ўртоқлашдилар. Санъат ва маданият икки халқни янада бирлаштиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

 «Ватандошлар» жамоат фонди бошқаруви раиси О.Саттаров, ўз навбатида, жамғарма томонидан хорижий мамлакатлардаги ўзбек диаспораси билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.  

Ўзбек санъаткорлари томонидан тақдим этилган маданий дастур иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Айниқса, таниқли созанда  Абдуҳошим Исмоиловнинг чиқишлари томошабинлар томонидан давомли олқишлар билан қаршиланди.

Ўзбек санъат усталари иштирокидаги навбатдаги «Ўзбек маданияти ва санъати кечаси» бугун Адана шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон санъат усталарининг Туркия минтақалари бўйлаб ижодий сафарлари турк оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилмоқда.