ИСТАНБУЛ, 25 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ходимларининг Истанбул Миграция хизмати бошқармаси бошлиғи Байрам Ялынсу билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Истанбул шаҳри ҳудудида Миграция хизмати бошқармаси раҳбарлиги ва назорати остида фаолият кўрсатаётган депортация марказларида Туркияда бўлиш талабларини бузган ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги учун сақланаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбек дипломатлари Туркия томонига ваколатли идораларнинг уларга доир қарорлар қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш юзасидан ҳамкорлик ўрнатиш ва бу йўналишлардаги алоқаларга оид тегишли таклифлар билдирилди.
Истанбул Миграция хизмати бошқармаси раҳбарининг айтишича, 90 кундан ортиқ муддат давомида Туркияда қолиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари мамлакат қонунчилигида белгиланган тартибда ва шартларда Миграция хизматига мурожаат қилиши лозим. «Ҳар бир мурожаат алоҳида кўриб чиқилиб, шахснинг Туркияда қолиши учун сабаблар бирма-бир ўрганиб чиқилгач якуний қарор қабул қилинади. Аксарият ҳолларда эса асослар етарли бўлмаганлиги учун яшаш гувоҳномасини бериш рад этилмоқда, деди у. Шунга қарамай фуқаролар қонуний муддатларда Туркия ҳудудини тарк этмай қонунчилик талабларини бузганликлари учун Депортация марказлари орқали мажбурий равишда мамлакатдан чиқариб юбориляпти.
Бўлиб ўтган учрашув якунида Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ масалаларни қисқа муддатда қонуний ҳал қилиш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.