Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Истанбулда бўлиб ўтган тадбир муҳим мавзуга бағишланди


Истанбулда бўлиб ўтган тадбир муҳим мавзуга бағишланди

ИСТАНБУЛ, 5 декабрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Унда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Ш.Қудратхўжаев, Тараққиёт стратегияси маркази ижрочи директори Э.Туляков, Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти раҳбари Ч.Кочар, “Елкадош” жамияти етакчиси М.Нурматов, Ёшлар умумжаҳон ассоциацияси раҳбари Э.Жумаев, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Туркиядаги вакили А.Муҳамедов, Истанбулда жойлашган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ва меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошларимиз вакиллари иштирок этдилар.

Бош консул А.Агзамходжаев сўнгги йиллар давомида  Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳориждаги фуқароларга кўрсатилаётган эътибор,  консуллик муассасаси томонидан фуқароларимизга кўрсатилаётган хизматлар ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашди.

У Бош қомусимиз қабул қилинган кун тарихи, аҳамияти ва Конституциямизнинг мамлакатимиз ҳаётидаги ўрни тўғрисида атрофлича тўхталди. Мамлакатимиз Асосий қонунига киритилиши таклиф этилган  қўшимча ва ўзгаришлар халқимиз ҳақ-ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Шу ўринда Президентимиз томонидан «Инсон – жамият – давлат» ёндошувини Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётда бош қадриятга айлантириш зарурлиги ҳақидаги фикрларидан иқтибос келтирилди.

Ш.Қудратхўжаев ва Э.Туляков ўз чиқишларида республикада хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашга оид ислоҳотлар, Янги Конституция лойиҳасидаги асосий мақсад инсон қадрини ошириш, халқнинг ҳоҳиш-иродаси устуворлиги, ёшларга эътибор, шифокор ва муаллимларни қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалаларни ўз ичига олгани ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилди.  

Тадбир чоғида давлат билан халқ ўртасида яқин ва тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилганлиги, қийин аҳволга тушган фуқароларнинг сўровномалари жавобсиз қолмаслиги жиддий мониторинг ва назорат қилинаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Тадбир савол-жавобларга ҳам бой бўлди.