Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари, хусусан, Жаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш ғояси Анқара симпозиуми иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди


Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари, хусусан, Жаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш ғояси Анқара симпозиуми иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди

ТОШКЕНТ, 15 декабрь.  /«Дунё» АА/. Анқара шаҳрида дунёнинг турли мамлакатларидан келган 100 дан ортиқ экспертлар иштирокида “Иқлим ўзгариши ва озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқ – инсон ҳуқуқлари талқинида” мавзусига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти (ТИҲТИ) томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистондан Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ (ИҲММ) вакили қатнашди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили ўз чиқишида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида иқлим ўзгаришига қарши курашиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш, Орол фожеасининг салбий оқибатларини камайтириш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ истиқболли чора-тадбирлар ҳақида атрофлича тўхталди.

Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари, хусусан, Жаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш ғояси симпозиум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, хусусан, Конституцияга экологик ҳуқуқларга оид янги меъёрларнинг киритилиши, давлатнинг экология соҳасида чора-тадбирлар кўриш мажбуриятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Симпозиум қатнашчилари яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим” Глобал форуми якунлари билан ҳам таништирилди. Ушбу анжуманнинг Якуний ҳужжатида акс этган тавсиялар қаторидан болалар ва ёшлар ўртасида экология таълимини кучайтириш, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ҳам жой олгани маълум қилинди.

Халқаро анжуман иштирокчиларининг тақдимотларида иқлим ўзгариши оқибатлари миллионлаб инсонларнинг кенг доирадаги ҳуқуқларидан фойдаланишига, жумладан, инсоннинг озиқ-овқат, ичимлик сув, санитария шароитлари, соғлиқни сақлаш ва уй-жойга оид ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатаётгани ташвиш билан қайд этилди.

Маълумки, иқлим ўзгаришига қарши курашиш усулларидан бири экология хавфсизлигига таянган қишлоқ хўжалигини жорий этишдир. Чунки саноатлашган қишлоқ хўжалиги таъсирида атроф  муҳитининг бузилиши иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларнинг янада қалтислашишига олиб келади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишларининг самарадорлигини таъминлаш учун барча давлатлар иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва ўз иқтисодиётининг салбий натижаси бўлган ҳавога углерод чиқариш ҳажмини тенг ва ривожланиш ҳуқуқига риоя қилган тарзда камайтириш бўйича тегишли чораларни кўрмоғи лозим.

Симпозиумда экология ва озиқ-овқат инқирозлари шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги илғор тажрибалар алмашилди.