Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

СМТИ директори: Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига кўтарилди


СМТИ директори: Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига кўтарилди

ТОШКЕНТ, 15 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун пойтахтимизда «Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги раислиги ва Ўзбекистон–Туркия муносабатларининг истиқболлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

ЎзА маълумотига кўра, тадбир «Тараққиёт стратегияси» маркази ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Туркиянинг «Marmara Group» стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди.  

Анжуманда сўзга чиққан СМТИ директори Элдор Арипов Ўзбекистон-Туркия ўртасидаги Стратегик ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратди.  

Унинг таъкидлашича, жорий йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида расмий дипломатия алоқалари ўрнатилганлигига 30 йил тўлди. «Мазкур давр мобайнида икки томонлама муносабатларимиз сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига кўтарилди ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизнинг янги истиқболлари очилмоқда», деди СМТИ раҳбари.  

Элдор Ариповнинг айтишича, стратегик сиёсий алоқалар мавқеининг жадал ривожланишида, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг улкан ҳиссаси мавжуд.  

«Президентларимизнинг ташаббуслари билан икки давлат муносабатлари тизимида янги мулоқот формати – олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши тузилганлигини ва бугунги кунда самарали фаолият юритаётганини келтиришим мумкин», деди эксперт.         Шу билан бирга, жорий йилнинг март ойида Тошкентда бўлиб ўтган Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши якуни бўйича 10 та ҳужжат, шу жумладан, имтиёзли савдо, мудофаа ва суд-ҳуқуқ соҳаларида ҳамкорлик борасидаги муҳим битимлар имзоланди.  

«Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари икки давлат ўртасидаги муносабатлар мақомини «кенг қамровли стратегик шериклик» босқичига кўтаришга келишиб олдилар», дея қўшимча қилди СМТИ раҳбари.  

«Сиёсий алоқаларнинг жадаллиги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ўсувчанлигини оширишга ёрдам берди. Жумладан, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш 2,5 баробарга ўсиб, 3,6 миллиард доллардан ошди. Қўшма корхоналар сони 5 баробар кўпайиб, 2 мингдан ортди. Инвестициявий ҳамкорлик кўрсаткичлари 70 баробарга ўсди», дея сўзини якунлади Элдор Арипов.