Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркиядаги ватандош: Мурожаатномада таълимга алоҳида эътибор берилгани она Ватанимизнинг порлоқ келажаги сари қўйилган муҳим қадамдир


Туркиядаги ватандош: Мурожаатномада таълимга алоҳида эътибор берилгани она Ватанимизнинг порлоқ келажаги сари қўйилган муҳим қадамдир

ИСТАНБУЛ, 21 декабрь. /«Дунё» АА/. Туркиядаги “Ўзбекистон маданият, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти” раиси Чокай Кочар  Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасига муносабат билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат Олий Мажлиси ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси менда жуда катта таассурот қолдирди, дейди у. – Ушбу дастуриламал ҳужжатда “Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган ўзбек тилига эътибор янада кучайтирилади. Албатта, чет тилини билиш –  замон талаби. Аммо она тилини билишга мажбур қилиш керак”, деган фикр биз каби узоқ йиллардан буён хорижда яшаётган ватандошлармиз учун жуда муҳим чақириқ бўлди, десам асло янглишмайман.

Шахсан ўзим, жамият раҳбари ва ўзбек миллатига мансуб бир инсон сифатида ушбу чақириқ Туркияда яшаётган ва таълим олаётган  фуқароларимиз учун Она тилини унутмаслик, ўзбек тилини ўрганишга қизиқувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси билан турли лойиҳаларни амалга оширишга янги туртки берди.

Мурожаатномада таълимга алоҳида эътибор берилгани  ватанимизнинг порлоқ келажаги сари қўйилган муҳим қадамдир. Президент “нажот таълимда”, дея алоҳида таъкидлади. Дарвоқе, 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили, деб эълон қилинганида ҳам улкан маъно мужассам.

Кириб келаётган янги 2023 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида акс этган вазифалар тўлақонли амалга оширилишига ва мамлакатимиз кўзлаган мақсадларига эриша олишига ишончим комил.