АНҚАРА, 23 декабрь. /«Дунё» АА/. Туркия Буюк Миллат Мажлисининг (парламенти) қонунчилик масалалари бўйича эксперти, «Соҳибқирон» Стратегик тадқиқотлар маркази директори Месут Эмре Каракўсе Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 21-22 декабрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари ҳақидаги фикрларини билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
– Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаевнинг учрашуви нафақат Марказий Осиё, балки Туркия жамоатчилигида ҳам катта қизиқиш уйғотди,- деди турк эксперти. - Анъанавий тарздаги самимий ва ўзаро ишонч муҳитида ўтган икки давлат раҳбарларининг музокаралари давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари учрашувининг яна бир муҳим жиҳати бу икки давлат ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг энг юқори даражаси ҳамда ишонч белгиси бўлган Иттифоқчилик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлди.
Таъкидлаш лозимки, ушбу шартнома 2021 йил декабрь ойида Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга ташрифи доирасида имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларациянинг мантиқий давомидир. Ушбу ҳужжатнинг имзоланиши минтақанинг икки йирик давлати кўп қиррали шериклик салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришга тайёр эканлигидан далолат беради.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Иттифоқчилик тўғрисидаги шартноманисининг имзоланиши бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва фаровонликни таъминлаш бўйича ташланган яна бир муҳим қадам бўлди, деб ҳисоблайман.