АНҚАРА, 17 январь. /«Дунё» АА/. «EkoAvrasya» Евроосиё иқтисодий алоқалар ассоциацияси бошқарувининг раиси Ҳикмет Эрен «Дунё» АА учун берган интервьюси чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга буюрган давлат ташрифи якунлари ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди:
– Савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда сезиларли муваффақиятларга эришган Ўзбекистон-Сингапур муносабатлари ривожини катта қизиқиш билан кузатиб бораман.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг прагматик иқтисодий сиёсати туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон билан Сингапур ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробар кўпайди. Республикада хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар Сингапур капитали иштирокидаги корхоналар сонининг 4 баробар ошишига хизмат қилди. Бундан ташқари, Сингапурдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган тўғридан-тўғри инвестицияларнинг ҳажми 700 миллион АҚШ долларидан ошди.
Ўзбекистон Президентининг Сингапур билан яқин келажакдаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб бергани Осиё-Тинч океани минтақаси иқтисодий маркази билан ўзаро муносабатларни самарали ривожлантиришга хизмат қилади.
Сингапур инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича юксак натижаларга эришган. Шу нуқтаи назардан Сингапур томони билан менежмент, шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида давлат хизматчиларини тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилиши, шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти томонидан бошланган маъмурий ислоҳотларнинг натижадорлигига ҳисса қўшади.
Ишончим комилки, устав капитали 500 миллион АҚШ доллари бўлган Ўзбекистон-Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги битим инвестиция ва ўзаро савдони кенгайтиришга, шунингдек, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашади.