АНҚАРА, 25 январь. /«Дунё» АА/. Евроосиё иқтисодий алоқалар уюшмаси - «EkoAvrasya» (Туркия) бошқаруви раиси Ҳикмет Эрен кеча Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши якунлари юзасидан ўз муносабатини йўллади, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йил Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти минтақасида «Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинди. Мамлакат илк бор ИҲТга раислик қилди ҳамда савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт коммуникациялари тармоқларида минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширди.
Кеча эса ИҲТ ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишида ушбу раислик давомида амалга оширилган ишлар якунлари сарҳисоб қилинди. Шунингдек, яқин ва ўрта муддатли истиқболларга мўлжалланган режа ва вазифалар муҳокама этилди. Жумладан, ҳар икки йилда бир марта ва жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган мазкур халқаро тузилмага аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари саммитида қабул қилинадиган муҳим қарорлар юзасидан фикр алмашилди ва таклифлар киритилди.
Таъкидлаш керакки, 2021 йил ноябрь ойида Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ давлат раҳбарлари XV саммити доирасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мавжуд салоҳиятлардан самарали фойдаланиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва «яшил» ривожланишни таъминлаш бўйича илгари сурилган ташаббусларни
ИҲТ аъзо барча давлатлар якдиллик билан қўллаб-қувватлади.
Мазкур ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилаётгани ва бунда Ўзбекистон раислигида ўтказилган тадбирлар муҳим аҳамият касб этганини эътироф этиш муҳимдир.
Шу билан бирга минтақавий интеграцияни янада кенгайтириш ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, ИҲТ ва бошқа етакчи халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар муҳим аҳамият касб этаётир.