ИСТАНБУЛ, 26 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида кенг қамровли стратегик шекриклик алоқаларини 2023 йилда янада жадаллаштиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар режасининг ижросини таъминлаш, шунингдек, юртимиз фуқаролари билан боғлиқ муаммобанд ҳолатларни таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизнинг Истанбулдаги Бош консулхонаси дипломатлари “ADS Hukuk” юридик фирмаси раҳбари Гоксел Элмажи ва адвокат Туғже Мандал билан учрашдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Суҳбат чоғида дипломатлар томонидан “ADS Hukuk” фирмаси ходимларига 2022 йил давомида фуқароларимизга кўрсатилган бепул юридик маслаҳатлар учун миннатдорлик билдирилгани баробарида ўзаро ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиш ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Адвокатлар 2022 йилнинг сўнгги 5 ойи мобайнида Бош консулхона биносида (ҳафтанинг жума кунлари) 250 нафардан ортиқ ватандошларимизга бепул юридик маслаҳатлар беришгани қайд этилди.
Учрашув натижаси ўлароқ, Туркиядаги жазони ижро этиш муассасалари ва депортация марказларида сақланаётган фуқароларимиз ҳуқуқларининг ҳимояси йўналишида келишилган жадвал асосида консулхона вакиллари билан биргаликда ушбу муассасаларга боришга келишиб олинди.
Шу билан бирга, Туркия олий ўқув юртларида “Ҳуқуқшунослик” йўналишида таҳсил олаётган ўзбек талабаларини мазкур юридик фирмада амалиёт ўташи бўйича Бош консулхонанинг таклифи суҳбатдошлар томонидан илиқ қабул қилингани ҳолда кейинчалик муносиб номзодларнинг ишга олинишига ҳам розилик билдирилди.
Учрашувда ўзаро ҳамкорлик кўламларини янада кенгайтириш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.