Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркияда содир бўлган ҳалокатли зилзила оқибатида жабрланган мамлакатимиз фуқароларига ҳар томонлама кўмак кўрсатилмоқда


Туркияда содир бўлган ҳалокатли зилзила оқибатида жабрланган мамлакатимиз фуқароларига ҳар томонлама кўмак кўрсатилмоқда

ИСТАНБУЛ, 15 февраль. /«Дунё» АА/. Жорий йил 6 февраль куни Туркия Республикасининг жануби-шарқий вилоятларида содир бўлган зилзилалар натижасида жабрланган Ўзбекистон фуқароларини аниқлаш ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида мамлакатимизнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасида ташкил этилган гуруҳ кечаю кундуз фаолият кўрсатмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Шуни қайд этиш ўринлики, мамлакатимиз Бош консулхонаси томонидан Туркиянинг мутасадди вазирлик ва идоралари билан ҳолат юзасидан доимий алоқа ўрнатилган. Улар билан ҳамкорликда шу кунга қадар қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2023 йил 14 февраль ҳолатига зилзилалар оқибатида нобуд бўлган 6 нафар юртдошимизнинг бири Туркияда дафн этилди, 4 нафариниг жасадлари Ўзбекистонга юборилди, ҳозирги пайтда яна бир нафар ватандошимиз ҳужжатлари расмийлаштирилмоқда, қидирилаётган жами 75 нафар ватандошимиздан 66 нафари топилиб, улар билан алоқа ўрнатилди, 27 киши эса табиий офат ҳудудидан эвакуация қилиниб, Ўзбекистонга юборилди.

Шунингдек, 30 нафардан зиёд ватандошимиз зилзила содир бўлган вилоятларда моддий ёрдамга муҳтож ҳолатда эканлиги аниқланиб, уларга кўмак кўрсатиш учун тегишли чоралар кўрилмоқда.

Бош консулхона томонидан офат содир бўлган шаҳарларга инсонпарварлик ёрдами юбориш, жабр кўрган ватандошларимизга кўмаклашиш жараёнларини марказлаштирган ҳолда ташкил этиш, уларнинг манзилга ишончли етиб боришини таъминлаш мақсадида махсус банк ҳисоб-рақами очилди. Унга фаол ватандошлар ва ҳомийлардан келиб тушган маблағлар жабрланган фуқароларимизни Истанбул шаҳрига олиб келиш, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш ва Ўзбекистонга юбориш учун авиачипталар харид қилиш билан боғлиқ харажатлар учун мақсадли сарфланмоқда.

Нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда офат натижасида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳомийлик манбалар ҳисобидан генератор, иситгич, кийимлар, озиқ-овқат, гигиена маҳсулотлари ва бошқа инсонпарварлик юклари Хатай, Каҳраманмараш ва Газиантеп шаҳарларига юборилди.

Шунингдек, Каҳраманмараш вилоятида олий таълим муассасаларида таълим олаётган 8 нафар ўзбекистонлик талаба аниқланиб, уларга ҳомийлик маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатаси, тадбиркорлар ва талабалар билан ҳамкорликда фожеа рўй берган шаҳарларда мамлакатимиздан келган бир гуруҳ таниқли ошпазларнинг ҳар куни 500 кг миқдорида 6 та дошқозонда икки маҳал палов ва бошқа миллий таомларни пишириб тарқатилишига яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда номаълум шахслар томонидан вафот этганлиги нотўғри эълон қилинган Ўзбекистон фуқароси –Наманган вилоятида 1975 йилда туғилган Шоҳиста Ниёзова Бош консулхона саъй-ҳаракатлари билан қидириб топилди. У ҳамда зилзила вақтида бирга бино остида қолиб кетган Марғубахон Миралиева воқеа жойидан Истанбул шаҳрига келтирилиб, шифохонада кўрикдан ўтказилгани баробарида уларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг топшириғига асосан, фожеа содир бўлган илк кундан бошлаб мамлакатимиз томонидан Туркия халқига кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдамлари қардош давлат томонидан юксак қадрланаётир. Хусусан, зилзила рўй берган ҳудудларда ишларни ташкиллаштириш жараёнида туну-кун меҳнат қилаётган ўзбекистонлик қутқарувчи ва ёрдамга келган ватандошларимиз билан учрашган Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Мустафо Шентоп ва мудофаа вазири Хулуси Акар ўзбек халқининг бу ёрдами ҳеч қачон унутмаслиги ҳақида билдирган фикрлари барча ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали ёритилди.

Туркия ИИВ Халқаро ҳамкорлик хизмати ва Миграция хизмати бош бошқармалари раҳбарияти ҳам кўрсатилаётган кўмак учун Ўзбекистон раҳбариятига ИИВ ва турк халқи номидан ўз миннатдорлигини билдирди.