Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркия ОАВ Ўзбекистоннинг ҳалокатли зилзила оқибатларини юмшатиш борасидаги қардошлик кўмаги ҳақида


Туркия ОАВ Ўзбекистоннинг ҳалокатли зилзила оқибатларини юмшатиш борасидаги қардошлик кўмаги ҳақида

ИСТАНБУЛ, 21 февраль. /«Дунё» АА/. Туркияда рўй берган мисли кўрилмаган ҳалокатли зилзилалар туфайли жабр кўрган аҳолига мамлакатимиз томонидан кўрсатилаётган кўмак  қардош мамлакат оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётир, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Жумладан, “Демирорен” ахборот агентлиги тасарруфидаги www.dha.com.tr ҳамда www.cnnturk.com ва бошқа бир неча турк оммабоп сайтларида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва дипломатия ваколатхоналари орқали Туркиянинг жанубий-шарқида содир бўлган табиий офат оқибатларини юмшатишда кўрсатилаётган ёрдам ҳақидаги хабар-мақолалар бирин-кетин эълон қилинмоқда.

Уларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида зилзиладан жабр кўрган минтақаларда қидирув, қутқариш ишлари олиб бориш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида юборилган гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирараётгани, бошқа томондан машҳур ошпазлар Хатайда ҳар куни 10 минг кишига ош тарқатаётгани қаламга олинаётир.

“Ўзбекистоннинг Туркиядаги ва Туркиянинг Ўзбекистондаги дипломатия ваколатхоналари мувофиқлаштируви асосида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси, Ўзбек-турк ишбилармонлар уюшмаси, Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши, Туркия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Мустақил саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмасининг Ўзбекистон бўлими, шунингдек, фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда 7 февраль куни бошланган гуманитар ёрдам юбориш ишлари ҳар куни давом этмоқда, деб ёзади Туркия оммавий ахборот воситалари. 45 тонна дори-дармон ва тиббий буюмлар, 8 тонна озиқ-овқат, 90 тонна кийим-кечак, поябзал, кўрпа-тўшак, гигиена воситалари, 250 та генератор, 900 та электр иситгич ва бошқа зарур буюмлардан иборат 270 тонна инсонпарварлик ёрдами тўпланиб, Туркияга жўнатилган. 

Гуманитар юк 6 та юк самолёти, ҳар куни учадиган йўловчи самолётлари ва юк машиналарида Туркиянинг турли минтақаларига етказилмоқда.  

Зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда ўзбекистонлик ошпазлар ҳар куни 10 минг кишига икки маҳал овқат тарқатишни ташкил қилишган. “Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти” (Истанбул), кўнгиллилар ва 71 нафар ўзбек шифокорлари шикастланганларга тиббий хизмат кўрсатишмоқда”.