Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Ўзбекистон Бош консуллигида Туркиядаги ўзбек диаспорал ташкилотлари фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди


Ўзбекистон Бош консуллигида Туркиядаги ўзбек диаспорал ташкилотлари фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди

ИСТАНБУЛ, 24 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон  Бош консуллигида  Туркиядаги ўзбек диаспорал  ташкилотлари фаоллари билан  учрашув  бўлиб ўтди, деб хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Тадбирда Туркиянинг Адана вилоятидаги Ўзбекистон фахрий консули Илкер Маданий, «Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти» раисининг ўринбосари Темур Тошкент, «Туркистонликлар маданий ва ижтимоий ҳамкорлик жамияти» фаоли Жумхур Ўзбек ва бошқалар иштирок этишди.

Учрашув давомида мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилган муддатдан илгари Президент сайловларига тайёргарлик ишлари, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳияти  иштирокчиларга етказилди.

Ўзбек дипломатлари диаспорал ташкилотлар вакилларига Туркияда бўлиб турган фуқароларимиз ўртасида бирдамликни шакллантириш ва кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мамлакатимизнинг нуфузини юксалтиришга қаратилган ижтимоий-маданий ва тарғибот-ташвиқот тадбирларини  фаол қўллаб-қувватлаб келаётгани учун миннатдорлик  билдирдилар.  

Жорий йил 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра, янгиланган Конституциямиз Янги Ўзбекистон том маънода демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат сифатида мустаҳкамланишига ва ҳар соҳада ривожланишига замин яратиши алоҳида  қайд этилди.        

Асосий қонунимизнинг янгиланиши муносабати билан ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгараётганлиги сабабли давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда жорий йилнинг 9 июль куни муддатдан илгари  Президент сайлови ўтказилиши белгиланганлиги  маълум қилинди.

Ўзбекистон Президенти сайловига   тайёргарлик  кўриш ва  Туркияда бўлиб турган фуқароларимиз ўртасида тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкил этишда диаспорал ташкилотларнинг  кўмаги муҳимлиги таъкидланди.

Мамлакатимиз фахрий консули Илкер Маданий Ўзбекистонда  рўй бераётган ўзгаришлар ва ютуқларни нафақат ўзи, балки бутун Туркия  аҳолиси   катта қизиқиш билан кузатиб бораётганини билдирди.  

«Мен 30 апрель куни  ўтказилган Ўзбекистон Конституцияга  ўзгартишлар киритиш  бўйича умумхалқ референдумида Туркиядан халқаро кузатувчи сифатида иштирок этдим. Референдум давомида Ўзбекистонда амалга  оширилаётган ислоҳотлар  самаларини  бевосита гувоҳи  бўлдим.  Янгиланган  Асосий қонун бўйича Ўзбекистонда Президент сайловини  ўтказилишини қўллаб-қувватлайман. Ўйлайманки,  Ўзбекистон  фуқаролари  9 июль кунига  белгиланган  Президент сайловларида муносиб етакчини танлайдилар», деди у.

«Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти» раисининг ўринбосари Темур Ташкент, ўз  навбатида,  мамлакатимизда  тадбиркорлик ва инвестициявий фаолият учун яратилган кенг шароит ва имкониятларни  юқори  баҳолади. 

«Туркиялик инвесторларнинг Ўзбекистонга нисбатан бўлган қизиқиши сўнгги йилларда кескин ортган. Ўзбекистон халқаро инвестицион майдонда ўзини ишончли шерик эканлигини мустаҳкам намоён қилаётганлигини статистик рақамлар ва халқаро баҳоловчи ташкилотларнинг кўрсаткичларидан ҳам кўриш мумкин», деди Темур Ташкент.

«Туркистонликлар маданий ва ижтимоий ҳамкорлик жамияти» аъзоси ва йирик қурилиш компанияси раҳбари Жумхур Ўзбекнинг  айтишича,  Ўзбекистон Туркия учун энг яқин қардош давлат ҳисобланади.

«Жорий йил 6 февраль куни Туркиянинг 10 та вилоятини қамраб олган ва  минглаб инсонлар ҳаётига  зомин  бўлган мудхиш зилзила оқибатларини бартараф этишда қўли очиқ ва саҳий Ўзбекистоннинг берган қардошлик моддий ва маънавий ёрдами Туркия халқи ва давлати томонидан энг юксак даражада миннатдорлик билан қабул қилинди. Биз бундай инсанпарварлик кўмагини ҳеч қачон унутмайиз ва икки давлат алоқаларини янада мустаҳкамлашга  бор  имкониятимизни  сафарбар  этамиз», деди у.