ИСТАНБУЛ, 5 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош консуллиги кўмагида таниқли ўзбек рассомларининг 1-4 июнь кунлари Истанбулда ўтказилган «ARTCONTACT ISTANBUL» халқаро замонавий санъат ярмаркасида иштироки ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Меъмор Қодир Топбаш кўргазма ва санъат маркази»да бўлиб ўтган мазкур маданият тадбирида мамлакатимизнинг таниқли рассомлари Иброҳимбек Икромов, Ибрагим Валихўжаев, Файзуллахон Ахмадалиев, Шахноз Аблуллаева, Бахтиёр Маҳкамов томонидан яратилган энг сара асарлар намойиш этилди.
Ушбу кўргазмани ташкил этишда диаспорал ташкилотлар «Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик» ва «Ўзбек аёлларини ҳуқуқини ҳимоя қилиш» жамиятлари фаол иштирок этишди. Тадбир давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, мамлакатимиз экспорт салоҳияти, хорижий инвесторларга яратилган имкониятлар ҳам кенг тарғиб қилинди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон тасвирий санъат усталарининг ушбу ярмаркада иштироки Туркия ОАВ томонидан кенг ёритилди. Хусусан, «Демирорен» ахборот агентлиги «Ўзбек маданиятини тарғиб қилмоқчи бўлган 5 ўзбек рассоми Истанбулда» сарлавҳали мақолани ўз ўқувчилари ўртасида тарқатди. Ушбу материал, шунингдек, Туркиянинг бошқа бир қатор етакчи ОАВ томонидан кўчирилиб босилди.