ИСТАНБУЛ, 1 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Тараққиёт Стратегияси маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг Туркияга ишчи сафари давомида Истанбул шаҳридаги «Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти» биносида ушбу давлатда вақтинча меҳнат фаолитияни амалга ошираётган фаол ватандошларимиз билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тараққиёт стратегияси маркази раҳбари Элдор Туляков ўз маърузасида Ўзбекистон Президентининг хориждаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш, хусусан оғир аҳволда қолган ватандошларга моддий ёрдам имкониятини кенгайтириш, мигрантларга бепул ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатадиган марказлар очиш каби ташаббуслари ҳақида айтиб ўтди. Давлат миграция сиёсатини диверсификация қилиш, ишчиларни кўпроқ маош тўлайдиган хорижий мамлакатга юбориш, мигрантларнинг нафақат ўзини, балки уларнинг оила аъзоларини ҳам қўллаб қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш каби ислоҳотлар қайд этилди.
Тараққиёт стратегияси маркази раҳбари республикада гендер тенглигини таъминланлаш ва хотин-қизларни ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишида қабул қилинган қатор қарор ва дастурларга ҳам тўхталиб ўтди. Ушбу жараёнлар доирасида 400 мингдан ортиқ хотин-қизлар тилга, касб ва ҳунарга ўқитилгани маълум қилинди.
Туркиядаги диаспорал ташкилотлари раҳбарлари, ўз чиқишларида Истамбулда «Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти» тузилган давридан бери орадан қисқа муддат ўтганига қарамай, ушбу мамлакатда бўлиб турган ўзбекистонлик аёлларни ҳуқуқини ҳимоя қилинишда сезиларли натижаларга эришилганини билдирдилар.
2022 йил ушбу жамият ташаббуси билан Истанбул шаҳрида Ўзбекистон лидер аёллари биринчи учрашуви юқори савияда ўтказилгани қайд этилди. Шу сабабли, иштирокчилар Ўзбекистон лидер аёлларининг иккинчи учрашувини ташкил этиш таклифи хусусида фикр алмашилди.
«Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти» раҳбари Озода Исломова ташкилот фаолияти юзасидан ахборот берди. Унинг айтишича, Туркияда ёрдамга эҳтиёжи бўлган 3200 нафар ўзбекистонлик хотин-қизларга маънавий-психологик, ижтимоий ва моддий кўмак кўрсатилган.
Учрашув сўнггида Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси маркази ва «Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти» ўртасида Ҳамкорлик меморандумини ишлаб чиқиш ва имзолаш тўғрисида келишиб олинди.