АНҚАРА, 6 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ходимларининг Болгарияга ишчи сафари давомида Несебр шаҳар мэриясида икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамда туризм соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Несебр шаҳри мэри Николай Димитрев ва шаҳардаги етакчи турагентликлар, меҳмонхоналар раҳбарлари ҳамда саноат корхоналари вакиллари иштирок этишди.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги, ташқи савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилган ҳукумат даражасидаги чора-тадбирлар, яратилган қулай шарт-шароитлар, сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш юзасидан амалга оширилган ислоҳатлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, сайёҳлар учун жозибадор йўналишлар тўғрисида алоҳида тақдимот ўтказилди.
Болгар томони меҳнат миграцияси соҳасида ва Ўзбекистоннинг нуфузли университетлари билан доимий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга тайёрлигини маълум қилди.
Тадбир якунида, сайёҳлик агентликлари ташрифларини амалга ошириш, марказлашган ҳолда меҳнат мигрантларнинг Несебрда ишга жалб этиш бўйича келишувларга эришилди.
Дипломатлар ташрифи давомида, шунингдек, Несебр шаҳрида тажриба алмашиш учун келган ўзбекистонлик талабалар билан ҳам учрашдилар.