АНҚАРА, 6 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Алания шаҳрида 2 июль - Ўзбекистон Давлат герби қабул қилинган кун ва Президент сайловига бағишланган маданий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мазкур шаҳарда яшаётган ва вақтинча бўлиб турган ватандошлар иштирокида бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Жумладан, чет элда турли сабаблар билан бўлиб турган юртдошларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти таъкидланди.
Шунингдек, 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайлови, унда курашаётган номзодлар ва уларнинг дастурлари ҳақида маълумот берилди.
Учрашув давомида, 2 июль - Ўзбекистон Давлат герби тўғрисидаги қонун қабул қилинганининг 31 йиллиги нишонлангани қайд этилди. Давлат гербининг мазмун-моҳияти, унинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Давлат герби – мамлакатимиз суверенитетининг рамзи ҳисобланиши, унда мустақил Ўзбекистон ва халқимизнинг миллий анъаналари мужассамлашгани қайд этилди.