ИСТАНБУЛ, 7 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президентининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Туркияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик аёллар иштирокида видеалоқа воситасида очиқ мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ушбу онлайн тадбир Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси, Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “ISTIQBOLLI AVLOD” ижтимоий-ахборот маркази ҳамда Туркидаги “Ўзбек аёллари ҳуқуқлари ассоциацияси” ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ички ишлар органларининг хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича бўлинмалари раҳбарлари ҳам қатнашдилар.
Очиқ мулоқотда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, аёлларнинг таълим олиши, касб-ҳунарга ўқитилиши, бандлигини таъминлаш ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш алоҳида эътиборда эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, Тадбир давомида 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур доирасида аёллар орасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жумладан, хориждаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий ва маиший муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, оила аъзоларига зарур ёрдамлар кўрсатиш борасидаги комплекс чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Туркияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган аёлларнинг уларни қизиқтирган бандлик, нотариат, соғлиқни сақлаш ҳамда таълим соҳаларидаги ҳуқуқий масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Туркиядаги ўзбекистонлик аёллар ушбу очиқ мулоқот ташкил этилгани, улар билан фикр алмашилганидан, шунингдек, жорий йил 4 июль куни Ички ишлар вазирлиги ва вилоятлар ички ишлар органлари ходимлари томонидан маҳалла фаоллари иштирокида Туркияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган 10 нафар аёлларнинг оиласидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатганидан мамнун бўлишганини қайд этдилар.
Туркиядаги ўзбекистонлик аёллар билан ушбу форматдаги очиқ мулоқотни мунтазам ва кенгайтирилган таркибда, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Соғлиқни сақлаш, Адлия, Мактабгача ва мактаб таълими, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликларининг вакиллари иштирокида ташкил этиш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.