ТОШКЕНТ, 14 июль. /«Дунё» АА/. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов кеча Туркия Буюк миллат мажлиси Ташқи алоқалар комиссияси раиси Фуат Октай билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент қуйи палатаси ахборот хизмати ёзганидек, кейинги йиллардаги олий даражадаги ташрифлар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқалар ўзаро муносабатлар тарихида бутунлай янги босқичга кўтарилди. Хусусан, алоқаларимиз кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқилди. Бу икки қардош халқнинг ютуғидир.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар барқарор, дўстона тарзда ривожланмоқда. Қардош давлатлар раҳбарларининг яқин муносабатлари, барча соҳадаги ўзаро ишончи парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Учрашув чоғида Фуат Октай мамлакатимизда бўлиб ўтган Президент сайловининг халқаро сайлов стандартларига мувофиқ ўтганлигини алоҳида қайд этиб, сўнгги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни юқори баҳолади.
Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида кечган учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги парламентлараро алоқаларнинг кенгайиши, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда «Ўзбекистон-Туркия» парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолияти ва унинг доирасида амалга оширилаётган қатор ижобий ишлар эътироф этилиб, унинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари хусусида ҳам фикр алмашилди.
Самимий руҳда ўтган учрашув якунида томонлар ўзаро муносабатларни ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.