НАВОИЙ, 19 июль. /«Дунё» АА/. Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегация амалий сафар билан Туркияга борди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, сафарнинг биринчи кунида делегация аъзолари «Sarıkoç Holding» компанияси раҳбарияти музокаралар ўтказди.
Учрашувда Навоий вилоятининг инвестициявий ва туризм салоҳияти ҳамда табиий қазилма бойликлари тўғрисида тақдимот қилинди.
Музокаралар давомида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилиб, жорий йил якунига қадар Навоийда Ўзбекистон-Туркия бизнес-форумини ўтказиш масаласи келишиб олинди.
Шунингдек, «Sarıkoç Holding» компанияси томонидан Конимех туманида донадор фосфорит қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳамда текстиль ва тўқимачилик саноатида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, вилоят делегацияси вакиллари ташриф доирасида «Orbak Metal Industry», «Lidya Granit Mermer», «KNDF Group», «TIW Company» сингари йирик турк компаниялари раҳбарлари билан ҳам музокаралар олиб боришди.
Хусусан, «Orbak Metal Industry» компанияси томонидан Навоий шаҳрида водород пероксиди ишлаб чиқариш, «Lidya Granit Mermer» компанияси томонидан вилоятда мармар ва гранит қазиб олиш ва қайта ишлашни ташкил этиш, «KNDF Group» компанияси томонидан туризм соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда «TIW Company» компанияси билан қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуриш лойиҳалари юзасидан келишувларга эришилди.
Вилоят делегацияси вакиллари, шунингдек Истанбул саноат ва эркин савдо зонаси (Desbash)да бўлиб, бу ерда мавжуд имкониятлар билан танишди.
1994 йилда ташкил этилган Истанбул саноат ва эркин савдо зонаси Туркиядаги хусусий сектор ерларида ташкил этилган биринчи эркин ҳудуд ҳисобланиб, 90 миллиард АҚШ долларлик умумий савдо ҳажми билан Туркиядаги эркин зоналар орасида биринчи ўринда туради.
Ушбу зонада асосан қуёш энергетикаси, автомобилсозлик саноати, денгиз транспорти эҳтиёт қисмлари, машинасозлик, электротехника, кимё, тўқимачилик, косметика каби соҳаларда корхоналар фаолият юритади.
Бугунги кунда ушбу зонада 300 дан ортиқ компания ва 6000 дан ортиқ киши фаолият юритмоқда.
2018 ва 2019 йилларда эркин зонадаги ўртача йиллик савдо ҳажми 2,3 миллиард долларни ташкил этган.
Истанбул саноат ва эркин савдо зонасида асосан қуёш энергетикаси, автомобилсозлик саноати, денгиз транспорти эҳтиёт қисмлари, машинасозлик, электротехника, кимё, тўқимачилик, косметика каби соҳаларда корхоналар фаолият юритади.
Шунингдек, электр, табиий газ, тозалаш, чиқиндиларни қайта ишлаш, хавфсизлик, сақлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини таъминлаш, техник хизмат кўрсатиш, юклаш, тушириш, ўлчаш каби барча инфратузилма ва бошқарув хизматлари ҳам мавжуд.
Эркин зонада фаолият юритадиган корхоналар солиқ имтиёзларидан кенг фойдаланиб, юридик шахслардан олинадиган даромад солиғи, ходимларнинг иш ҳақи, божхона тўловлари ва ҚҚСдан 100 фоиз озод қилинган.
Вилоят делегацияси Истанбул саноат ва эркин савдо зонасида инвесторлар учун яратилган шароитлар, инфратузилмага эга ер майдонлари, бинолар, ёпиқ майдонлар, умумий ва шахсий омборлар, офислар ва очиқ акциядорлик майдонлари билан танишди.
Навоий вилояти делегациясининг Туркияга амалий сафари давом этмоқда.