ТОШКЕНТ, 19 июль. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкент Фотосуратлар уйида Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ)га аъзо давлатлар фотографларининг ижод намуналари намойишига бағишланган кўргазмаси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Маданият ва туризм вазирлиги маълумотига кўра, кўргазманинг очилиш маросимида вазир ўринбосари Баҳодир Аҳмедов, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, ОАВ ходимлари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Маълумки, шу кунларда Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ)га аъзо давлатларда Ўзбекистоннинг бой маданияти ва туризм имкониятларини кенг тарғиб этиш мақсадида 14 та хорижий мамлакатдан келган 21 нафар маҳоратли фотографлар учун «Турк дунёси фотографлари учрашуви» лойиҳаси доирасида юртимиз бўйлаб медиа-тур ташкил этилди.
«Турк дунёси фотографлари учрашуви» лойиҳаси иштирокчилари 30 июнь – 20 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Андижон, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, маданий мерос объектлари, туризм қишлоқлари ва оилавий меҳмон уйларида бўлиб, суратлар тукумларини тасвирга олдилар.
Делегациянинг юртимиз бўйлаб саёҳати ва тасвирга олиш ишлари давомида мамлакатимиз ҳақида кенг маълумотлар берувчи туркум медиаконтентлар тайёрланди.
Жумладан, ушбу кўргазмада улар томонидан суратга олинган Ўзбекистон ҳақидаги 100 дона энг сара фотосуратлар намойишга қўйилди. Кўргазма 5 кун давом этади.